“Сайлов-2021” мобил иловаси. Сизу бизга нима афзаллиги бор?
Марказий сайлов комиссияси, Project Managers компанияси ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамкорлигида “Сайлов-2021” мобил иловаси яратилди. Унга кўра, ҳар бир сайловчига сайлов ҳақида ахборотларни мобил алоқа тизими орқали етказиш йўлга қўйилади.
Сайловчини қизиқтирадиган барча саволларга тезкорлик билан жавоб беришни ташкил қилиш, зарур адабиётлар, ўқув қўлланмалари, тест саволлари, сайловга оид маълумотлар ва ахборотлар билан таъминлашда бу янгиликнинг самара бериши, шубҳасиз.
Иловада бўлимлар, сайлов участкалари, масс-медиа, тестлар ва ёрдам саҳифалари яратилган. Маълумотлар базасининг “Бўлимлар” саҳифасида “Ўқув материаллари”, “Эслатмалар”, “Сайлов қонунчилиги”, “Кутубхона” рукнлари жойлаштирилган.
Умуман, илова саҳифалари сайловчи, сайлов комиссияси аъзоси, кузатувчилар, номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари учун барча зарур ҳуқуқий ахборотлар билан тўлдирилган.
“Ўқув материаллари” рукнида октябрда ўтказиладиган сайловларнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари, сайлов комиссиялари тизими, ваколатлари ва вазифалари, сайлов жараёнида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг иштироки, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, маҳаллий кузатувчилар ва ваколатли вакилларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайловчилар рўйхати билан ишлаш ҳақида зарур маълумотлар тайёрланган.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ) ҳамда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) такомиллаштирилмоқда. Бунда фуқароларнинг доимий ва вақтинчалик яшаш жойлари, ҳудудлар, кўчалар, уйлар ва хонадонларнинг номлари ҳамда рақамлари электрон шаклда аниқ-равшан белгиланяпти. Яъни, яшаш манзилида рўйхатда бўлмаган ва вафот этган фуқаролар рўйхатдан чиқарилиб, амалда яшаб турган, лекин маълумотлар базасида бўлмаган фуқаролар қайд қилинмоқда.
Сайлов участкалари ва комиссияларида овоз беришни ташкил қилиш, сайлов натижаларини аниқлаш ҳамда эълон қилиш асосий масала ҳисобланади. Шу боис, “Сайлов-2021” мобил иловасида ушбу мавзуларда ўқув материаллари тақдимотлари, маъруза матнлари, инфографикалар, видео-дарслар жойлаштирилган.
“Эслатмалар” рукнида ҳам сайлов ташкилотчилари, комиссиялар, кузатувчилар, ваколатли вакиллар учун зарур услубий тавсиялар мавжуд.
Дарвоқе, авваллари сайловларда фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдалана оларди. Эндиликда, чет давлатларда истиқомат қилиб турган ватандошларимиз дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлмаса ҳам сайловчилар рўйхатига киритилиши ва хорижий мамлакатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутилар орқали овоз беришлари мумкин бўлади.
Бунинг учун электрон мурожаат қилиш имконини берувчи хизмат жорий этилади. Шу мақсадда Ташқи ишлар вазирлигининг saylov.mfa.uz сайтида мазкур хизмат синовдан ўтказилмоқда. Ушбу хизмат сайлов қонунчилигида белгиланган муддатларда тўлиқ ишга туширилади.
Жаҳонгир Турсунбоев,
вилоят сайлов комиссияси котиби.