Сайловда ҳарбийлар ҳам фаол иштирок этади

Самарқанддаги ҳарбий қисмда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва вилоят сайлов комиссияси ҳамкорлигида ҳарбий қисмларда ташкил этилган участка сайлов комиссиялари раислари ва аъзолари учун семинар ўтказилди.

Самарқанд, Навоий, Жиззах ҳарбий гарнизони ҳарбий хизматчилари иштирок этган семинарда сўз олган Самарқанд ҳарбий прокурори О.Усаров, вилоят сайлов комиссияси ҳудудий тренерлари сайловларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. Сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик масалалари, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда участка сайлов комиссияларининг ўрни ҳамда уларнинг ишини ташкил қилиш ҳақида батафсил маълумот берилди.

Семинарда иштирок этган Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник А.Саидов ушбу услубий семинар ҳарбий қисм ва муассасаларда тузилган сайлов участкаларида ишларни мамлакатимиздаги миллий сайлов қонунчилиги асосида ташкил этиш, шунингдек, сайловга пухта тайёргарлик кўриш ва уни сифатли ўтказиш, муҳими, Ватан ҳимоячиларининг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишларини таъминлашга қаратилганини таъкидлади.

Қайд қилинганидек, сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида сайлов участкалари туманларнинг, шаҳарларнинг чегаралари инобатга олинган ҳолда тузилади. Участкалар ҳарбий қисмларда ҳам ташкил этилади.

- Жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар биринчи навбатда участка сайлов комиссиялари зиммасига алоҳида масъулият юклайди, - дейди вилоят марказий сайлов комиссияси тренери Ислом Ҳамдамов. – Шу боис бугунги тадбирда айнан мазкур бўғин вакилларига улар олдида турган вазифалар, амалга ошириш механизмлари ва бошқа жиҳатлар ҳақида зарур маълумот ва тавсиялар берилди.

Тадбирнинг амалий қисми Самарқанд гарнизонига қарашли ҳарбий қисмда бўлиб ўтди. У ерда семинар иштирокчилари ташкил этилган намунавий сайлов участкаси билан танишди.

Б.МУСТАНОВ.