Сайёр қабулдан операция столига олиб борилган бошқарма бошлиғи яна қизғин иш фаолиятида

Ижтимоий тармоқларда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиеванинг вилоятнинг энг чекка туманларидаги мактаблар фаолиятини ўрганаётгани ҳақидаги хабарларни ўқиб бироз таажжубландим. Сабаби, яқинда Пахтачи туманида сайёр қабулларда З.Шодиеванинг тоби қочиб, шифохонага олиб кетилгани, у ерда операцияни бошидан ўтказгани ҳақида эшитгандим. Қолаверса, кеч қолиб боргани учун кўричак ёрилиб кетган, операция бироз мураккаб ўтган экан. Опадан ҳол-аҳвол сўраб, қўнғироқ қилганимизда, аҳволи яхшилигини, ишга чиққанига анча бўлгани, бунинг учун монелик йўқлигини билдирди.

Бу ҳақда кўп тўхталмаса-да, Зебинисо Шодиева 28 апрель куни Пахтачида бўлиб ўтган сайёр қабулда тоби қочиб қолгани, оғриқ қолдирувчи дори ичиб, мурожаатларга ўз вақтида жавоб беришга ҳаракат қилгани ҳақида эшитдик. Аммо оғриқ қолавермагач, дарҳол Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмасига олиб борилиб, шу ернинг ўзида операция амалга оширилган.

Айни кунда З.Шодиева ўз фаолиятини давом эттираётганига бир ҳафтадан ҳам ошди. Ҳозирги аҳволида кабинетида ўтириб ишлаши учун имкон бўлатуриб, чекка туманлардаги мактабларни ўрганаётгани, ҳатто ўқувчилар билан пиёда тоғли ҳудуд мактабга қатнаётгани таҳсинга лойиқ, деб ўйлайман.

Эҳтимол, сиз бу хабар билан нима демоқчисиз, деган хаёлга бораётгандирсиз. Ҳарҳолда сиз ўйлаётгандай, раҳбарни мақташ эмас, балки бугун уларнинг иш тартиби-ю, ишга муносабатида илгариги ҳолатдан фарқли жиҳатларни кўрсатмоқчиман, холос.

Гулруҳ МЎМИНОВА.