Сазағондаги шифохонадан мушуклар “рози”. “Меҳробод” ҚВП ходимлари иш вақтида “қазихона”га кетганмиди?

Нуробод тумани тиббиёт бирлашмасининг Сазағон ҳудудий бўлими биноси бундан икки йил аввал реконструкция қилиниб, замонавий тиббий асбоб-ускуналари билан таъминланган. Бу ерда амбулатория, 10 ўринли туғруқ бўлими, ҳар бири 5 ўринга мўлжалланган терапия ва болалар бўлимлари фаолият кўрсатмоқда.

Сазағон, Сарой ва Тепақул маҳаллаларининг 10 минг нафардан кўпроқ аҳолисига хизмат кўрсатадиган бу тиббиёт муассасасида 6 нафар шифокор, 28 нафар ўрта тиббиёт ходимлари ишлаб келмоқда.

Биз бўлимга кириб борганимизда соат 16:30 бўлган эди. Шифокор ва ҳамширалар навбатчилиги йўлга қўйилганига гувоҳ бўлдик. Шифохонадаги шароитлардан беморлар мамнун. Ҳудуд аҳолиси билан суҳбатлашганимизда  умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалар хизматидан рози эканликларини айтишди. Бу яхши. Аммо шифохонада айрим камчиликлар ҳам бор экан. Жумладан, бино ташқаридан қараганда ижобий таассурот қолдирса-да, ичкарида аҳвол ҳаминқадар, ичимлик суви муаммоси мавжуд. Бўлим ҳовлисидаги сув иншооти ишдан чиққан. Сувни шифохонанинг кичик тиббиёт ходимлари булоқдан ташиб келтираётганига гувоҳ бўлдик. Бўлим ошхонаси эса антисанитария ҳолатида. Ошхонада мушук ва унинг болалари бемалол сайр қилиб юргани бунинг исботидир.

Сазағондан чиқиб, Самарқанд туманидаги “Меҳробод” қишлоқ врачлик пунктига йўл олдик. Бу пайт қуёш ботиб, қоронғи туша бошлаган эди. Пунктга кириб борганимизда соат миллари 19:09 ни кўрсатиб турган эди. Бизни тез тиббий ёрдам шохобчаси ходимлари кутиб олди. Қишлоқ врачлик пунктида навбатчи шифокор ва ҳамширани тополмадик. Соғлиқни сақлаш тизими вакилларининг ушбу тиббиёт муассасаларида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш муддати кеч соат 20.00 га қадар узайтирилгани ҳақидаги доимий маълумотлари ушбу муассасага алоқадор эмасмикан, деган савол туғилди.