Сен бахтли ғамдирсан, дардли ҳузурсан
Мустақилман, учиб юрибман
ҚИШЛОҚ
Ҳуснингга ҳайратим ошиб, қайтадан –
Расмингни юракка чизгим келади.
Қайноқ қучоғингдан кетолмай, ватан –
Олис қишлоқларни кезгим келади.
Мўъжизага дўнар бунда ҳар фасл,
Кўзлар қамашади тароватидан.
Баҳори беқиёс, кузи серҳосил,
Қиш қўрқар ёзининг ҳароратидан.
Бепоён далалар, пурвиқор тоғлар
Дилимизга солар ватан расмини.
Сув ёқалаб бунёд бўлган қишлоқлар,
Ерга меҳр бермоқ – ҳаёт мазмуни.
Мудом эзгуликка очиқ эшиги,
Меҳр иси анқир қучоқларидан.
Дунёга таралар Ватан қўшиғи –
Менинг озод юртим қишлоқларидан!
Ориф ТЎХТАШ.
***
ВАТАН МАДҲИ
Онамдай у,
азиз нақадар,
Кўзим нури,
қароғим - Ватан.
Кундуз офтоб,
ойдин кечалар,
Фонусим - Ой,
чироғим - Ватан.
Бир жисмман,
у танамда жон,
Қошим , кўзим,
қабоғим - Ватан.
Томиримда
жўшиб оққаним,
Қоним , тафти
қайноғим - Ватан.
Орзулари
осмон қадар кенг,
Чашмадирман
ирмоғим - Ватан.
Томчи эрсам
у уммонга тенг,
Дарё эрсам,
қирғоғим - Ватан.
Ҳар тошининг
тинглай арзини,
Қўлимдаги
қайроғим - Ватан.
Ўзбекистон
обод гулшаним,
Гуллаётган
гулбоғим - Ватан.
Сарҳадига
ёвдек келса ким,
Қалқониман,
яроғим - Ватан!
Рўзи Маҳшар-
токи манзилим,
Қўним топар
тупроғим - Ватан!..
Шаҳриддин УМИРОВ.
***
ВАТАН
"...Қишларида шивирлар баҳор”
ОЙБЕК.
Сен фақат моддамас, ёруғ шуурсан
Ҳис, оҳанг, ранг, қувонч, аҳддирсан ватан.
Сен бахтли ғамдирсан, дардли ҳузурсан,
Хўрлик тунинг ўтган марддирсан ватан.
У кунлар соядир сен нурсан, тонгсан,
Тафаккур ва шукур шаънли бир онгсан.
Онгладим деб бўлмас, тонгладим минглаб,
Буюк куйсан, бўлмас бепарво тинглаб.
Оқига яшили қоришган Ватан,
Қиши баҳор билан ёришган Ватан.
Йўлдош ЭШБЕК.
***
Таниқли шоир Йўлдош Эшбек бугун 74 ёшга тўлди. У 1950 йил 1 сентябрда Иштихон туманида таваллуд топди.
Дастлабки шеърлар тўплами «Соғиниб яшайман» номи билан 1981 йилда чоп этилди. Шундан кейин шоирнинг «Юксак дарахтлар», «Мовий турналар», «Яхшиликка қарайман», «Дарахтлар эртаги», «Ҳаёт чечаги», «Мангу масофа» каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
Имом Ғаззолийнинг «Эй фарзанд», Аҳмад Лутфийнинг «Ўгай она», «Ҳазрати Али», Фотима Темурнинг «Кўнгил дўстлари» («Тазкират ул-авлиё»), Амина Шанк ўғлининг «Виждон азоби»ни ҳамда Ўлжас Сулаймон («Сопол китоб») ва бошқа адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
1998 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.