Сердар Бердимуҳамедов ота ўрнини эгаллайдими? Туркманистон президентининг ўғли ҳозирча келгуси сайловдаги ягона номзод бўлиб турибди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўғли Сердар навбатдан ташқари президентлик сайловларида рўйхатга олинган биринчи номзод бўлди. Шу тариқа, Марказий сайлов комиссияси давлат раҳбари лавозимига номзодлар кўрсатишга расман киришди.

Сердар Бердимуҳамедов сентябрь ойида 40 ёшга тўлди. Туркманистон Конституциясига кўра, бу президентликка номзодлар ичида энг ёши ҳисобланади. Айни пайтда давлат раҳбарининг ўғли бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаб турибди. Бунгача Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон Олий назорат палатасини бошқарган, Давлат хавфсизлик кенгаши аъзоси ва саноат вазири бўлган.

Гурбангули Бердимуҳамедов 11 февраль куни президентликдан кетиш истагини билдирди. Бу ўғли Бош вазир ўринбосари этиб тайинланганидан бир йил ўтиб содир бўлди. 64 ёшли халқ етакчиси сенаторлар олдида сўзлаган нутқида “пайғамбар ёшига етганини” таъкидлаб, авлодлар алмашинуви зарурлиги ҳақида гапирди:

“Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида давлат бошқаруви сари йўл маънавий муҳит ва замоннинг юксак талаблари асосида тарбияланган ёш етакчиларга берилиши керак... Миллий меросни теран эъзозлаган ёшлар замоннинг кўп қиррали ва тез ўзгарувчан воқеликларига муносиб бардош бера олиши билан ажралиб туради”.

Туркманистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари 12 мартга белгиланган. Рўйхатга олинган партиялар, шунингдек сайловчиларнинг камида 10 минг имзосини тўплаган ташаббускор гуруҳлар давлат раҳбари лавозимига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга.

2017 йилги охирги сайловларда 9 нафар номзод рўйхатга олинган. Марказий сайлов комиссиясига кўра, Гурбангули Бердимуҳамедов 97 фоиздан зиёд овоз тўплаган.