Сертификат олиш учун китоб ўқиш шарт(ми?)

Бугунги рақамли асрда ёш авлоднинг тарбияси, маънавий иммунитети, танқидий тафаккури ва мустақил фикрлаш қобилиятини шакллантиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракат, аввало, уни китоб билан яқинлаштириш, унинг онгига китобхонлик маданиятини сингдириш билан бошланиши керак. Чунки китоб маънавият чироғи, тафаккурни ёритувчи манбадир.

Мен фаолият олиб борадиган Самарқанд давлат чет тиллар институтида талабалар иштирокида шу мавзу доирасида тадбирлар ўтказиб турилади. Инновацион таълим технологиялари ва методика кафедраси томонидан ўтказилган давра суҳбатларидан бири “Китоб ёки интернет” мавзусида бўлди.

- Китоб ўқишга вақт йўқ, - деди шу тадбирда қатнашган бир талаба йигит. – Интернет унинг ўрнини бемалол боса олади. Бирор бадиий асарни ўқиш керак бўлса, унинг аудиовариантини ижтимоий тармоқ орқали топиб, эшитаман. Китоб дўконига бориб, уни сотиб олишга ҳам пул, ҳам вақт кетади. Қолаверса, биз адабиётшунос бўлмасак.

- Мен эса бу фикрга қаршиман, - деди талаба қизларнинг бири. - Биргина тил билиш даражасини аниқловчи IELTS ёки CEFR сертификатларига ўтказиладиган имтиҳонларда керакли бални тўплаш учун ҳам кўп китоб ўқиш керак. Асосийси, имтиҳоннинг “speaking”, яъни “гапириш” бўйича синовидан кенг фикрлайдиган кишигина яхши натижага эришиши мумкин. Бунинг учун ҳам ўзбек тилида, ҳам инглиз тилида қанча кўп бадиий китоб ўқиган бўлса, шунча фойдали. Ҳар қандай асарни китобдан ўқиш тасаввурни, тафаккурни кенгайтиради.

Бу икки талабанинг сўзларини эшитиб ўйланиб қолдим. Уларни яхши биламан. Ҳар иккисининг ҳам IELTS сертификати бор. Бироқ китоб ўқишни хушламайдиган йигит 5,5 балл тўплаб, сертификатга эга бўлган. Талаба қиз эса 8 баллик чет тилини билиш сертификатига эга. Шундан ҳам ўзимизга керакли бўлган хулосани чиқарсак бўлади.

Маҳзуна ИСМАТОВА,

институт катта ўқитувчиси.