Сессияда каттақўрғонлик йўлчиларни жиноий жавобгарликдан озод этиш таклиф қилинди

Айни пайтда ўтказилаётган халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ўн саккизинчи сессиясида маълум қилинишича, Каттақўрғон тумани йўлсозларининг ҳужжатларни сохталаштиришига тизимдаги камчилик сабаб бўлган. Негаки, туманга йўлларни таъмирлаш учун 7 миллиард сўм 2019 йилнинг сўнгги ойида ажратилган. Маблағ ўзлаштирилмай қолиши оқибатида республика бюджетига қайтиб олинмаслиги учун сохта ҳужжатлар тайёрланган.

2020 йил январь-март ойларида қалбаки ҳужжатлар билан ўзлаштирилган 7 миллиард сўм маблағ ҳисобидан белгиланган масофадаги йўл таъмирланган. Оддий айтганда, маблағ талон-торож қилинмаган. Жиноий иш очишга сабаб бўлган ҳужжат сохтакорлигига мажбурликдан қўл урилган. Шу боис, Каттақўрғон тумани йўлсозларини жиноий жавобгарликдан озод этиш таклиф этилди.

Кенгашда ҳисобот берган жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси ишни аппеляция инстанциясида кўриб чиқилишини билдирди. Албатта, бу ҳолат Каттақўрғон тумани йўлчилари раҳбарларини жавобгарликдан озод қилмайди. Уларга нисбатан камида интизомий ёки маъмурий жазо тайинланади.