Шаҳрисабзлик беморда ижобий ўзгаришлар бор
Болаларнинг “Док-1 МАКС” дори воситасидан заҳарланиб вафот этиши ва мазкур препаратдан фойдаланишнинг тақиқланиши ортидан юзага келган ҳолат айни пайтда атрофлича ўрганилмоқда.
Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига шу доридан қабул қилиши оқибатида ножўя таъсир кузатилиб, мурожаат қилган беморлар 22 нафарни ташкил этди. Афсуски, бу болалардан 18 нафарининг ҳаётини сақлаб қолишнинг имконияти бўлмаган. 3 нафар бемор соғайган ва айни пайтда қашқадарёлик бир нафар болада ҳам ижобий томонга ўзгариш кузатилмоқда.
– Куз ва қиш ойларида аҳолида, жумладан, болаларда ўткир респиратор инфекциялар кўп кузатилади, – дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи вазифасини вақтинча бажарувчи Дилшод Раҳмонов. – Ва, табиийки, бундай пайтда аксарият кишилар ўзлари билганича, яъни шамоллаш пайтида қабул қиладиган дори воситаларини харид қилиб, истеъмол қилишади. Бунда дориларнинг оммавий ахборот воситаларида, кўча-кўйда ниҳоятда кўп реклама қилиниши ҳам сабаб бўлади. Назаримда, буни ва дорихоналарда рецептсиз дори сотилишини ҳам тартибга олиш керак. “Док-1 МАКС” препарати билан боғлиқ ҳолатларнинг юзага келишига ҳам маълум маънода шу каби омиллар сабаб бўлди. Чунки, доридан заҳарланган болаларнинг ота-оналари билан гаплашганимизда, кўпчилиги ўзлари бориб дорихонадан шу воситани сотиб олиб, боласига ичирганини айтди. Албатта, шифокорлар томонидан ёзиб берилган ҳолатлари ҳам мавжуд.
Бизда дастлаб, октябрь ойида икки нафар беморда ушбу дорини қабул қилиши оқибатида ножўя таъсир кузатилди. Лекин ҳали аниқ бир хулосага келишимизга тўла асос йўқ эди. Кейин ноябрда тўрт-бешта ҳолат юзага келгач, бизда шубҳа пайдо бўлди ва ўз имкониятимиз даражасида ўрганишни бошладик. Бизда экспертиза қилиш имконият йўқ, шунга қарамай, ота-оналарнинг фикрлари асосида фирма билан гаплашдик, ўзимизнинг хулосаларимизни айтдик. Ва 2022 йил 15 декабрда ушбу дори воситасини болаларда қўллашни тўхтатиб туришни сўраб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилдик.
Болалар гемодиализ бўлими Тошкентдаги болалар миллий тиббиёт марказида ва бизда борлиги учун “Док-1 МАКС” қабул қилганидан сўнг, буйрак фаолиятида нуқсон кузатилган, сийдик чиқаришида муаммо пайдо бўлган болалар марказимизга юборилди. Айнан мазкур ҳолатда Самарқанддан 10 нафар, Навоий, Жиззах, Қашқадарё вилоятларидан 4 нафардан бемор бизнинг марказга келди. Ҳозирда Қашқадарё вилояти Шаҳрисаб туманидан келган уч ёшли А.Файзиддинов даволанмоқда ва унинг саломатлигида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.
Бемор боланинг онаси сўзларига кўра, фарзандида иситма кузатилгач, у дорихонадан “Док-1 МАКС” дори воситаси харид қилиб, ичирган.
– Икки кун ичирдим, натижа бўлмади, аксинча, болам қайд қила бошлади. Шунда ҳам бу доридан деб ўйламадим ва яна икки кун ичирдим. Кейин поликлиникага олиб бордим ва врач бошқа дори ёзиб берди. Бу орада ижтимоий тармоқларда “Док-1 МАКС”дан болаларнинг заҳарланаётганини ўқиб қолиб, зудлик билан боламни Самарқандга олиб келдик, - дейди беморнинг онаси.
– Бу беморни бизга тана ҳарорти кўтарилиши, кўп марта қусиши, уйқучанлик, дармонсизлик, охирги икки кундан буён сийдик ажралмагани, ичи суюқ ўтиши, қорни дамлаши ҳақидаги шикоятлар билан келтиришди, – дея сўзида давом этади Д.Раҳмонов. – Текширишлар ва мутахассислар кўриклари асосида болага ташхис қўйилиб, реанимация бўлимида интенсив муолажалар олиб борилмоқда. Гемодиализ сеанслари ўтказилди. 28 декабрдан сийдик ажралиши бошланди, 31 декабрь ҳолатида бемор аҳволида анча ижобий ўзгаришлар кузатилди.
Ғ.Ҳасанов.