Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда “Йил одами” деб эътироф этилди
Бугун, 17 февраль куни Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонасида Президент Шавкат Мирзиёевга «Ала-Тоо Айимдари» («Ола-Тау хонимлари») экологик ҳаракати томонидан «2019 йил одами» унвонининг берилиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Республика раҳбарияти топшириғига биноан махсус мукофот ва дипломни қабул қилиш учун Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Бишкек шаҳрига ташриф буюрди.
Тадбирда «Ала-Тоо Айимдари» ҳаракати раёсати аъзолари, собиқ иттифоқ халқ артисти Кайиргул Сартбаева ва халқ ёзувчиси Гулсайра Моминова, Қирғизистон ҳукумати, парламенти ва минтақавий маъмуриятларида юқори лавозимларда ишлаган қирғиз ва ўзбек ҳамжамиятларининг нуфузли вакиллари, Ўзбекистондаги собиқ қирғиз дипломатлари, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги, етакчи электрон ва босма нашрлар, марказий радио ва телевидение каналлари вакиллари, сиёсатшунос экспертлар иштирок этди.
Маросимда «Ала-Тоо Айимдари» ҳаракати раҳбари Жипаргул Баргибаева қардош Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва этник озчиликларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва конструктив сиёсати туфайли икки мамлакат ўртасидаги чегара масаласи қисқа вақт ичида деярли ҳал қилинди.
«Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Ўзбекистон Президенти номидан «Ала-Тоо Айимдари» ҳаракатига ва у орқали шахсан қардош Қирғизистон халқига Ўзбекистон раҳбарининг ўзаро манфаатли ўзбек-қирғиз ҳамкорлигини мустаҳкамлашдаги хизматлари эътироф этилгани учун самимий миннатдорлик ва чуқур ҳурматни изҳор этди», дейилади ТИВ хабарида.