Шеърият гулшанининг Раъноси эди

Раъно Узоқова. Бу ном самарқандликларга, юртимиз адабиёт аҳлига яхши таниш. ХХ аср бошларидаги ўзбек адабиётида ўз ўрни, ўз овозига эга бўлган бу шоира қисқа - 31 йил умр кўрган бўлса-да, ўзидан бой адабий мерос қолдирди. Унинг шеър ва ҳикоялари, достонлари йиллар ўтса-да, ўз аҳамияти ва бадиий қимматини йўқотмай, китобхонлар томонидан севиб мутолаа қилиб келинмоқда.

Раъно Узоқова 1916 йилда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Оққўрғон қишлоғида таваллуд топган. Халқимиз тарихининг оғир дамлари бўлган бу йиллардаги қўзғолон-у инқилоблар бу оила хотиржамлиги ва бахтига ҳам чанг солган. Бутун оила аҳли 1918 йилда "большевиклар" дея отиб ташланади. Биргина икки ёшли гўдак - Раъногина бу қирғиндан омон қолади ва уни Термиз темирйўл ишчиси Марьям Бадриддинова ўз тарбиясига олиб, оналик қилади.

Раъно 8 ёшга тўлгач, М.Бадриддинова уни интернатга ўқишга беради. Сўнгра 1927-1931 йилларда Р.Узоқова Термиз таълим-тарбия техникумида таҳсил олади. Шундан кейин унинг меҳнат фаолияти бошланади. Ишни Оққўрғондаги мактабда ўқитувчиликдан бошлаган Раъно ўзидаги санъат ва шеъриятга бўлган ҳавас боис орадан қисқа фурсат ўтиб, район театрида фаолиятини давом эттиради. Кўплаб саҳна асарларида роллар ижро этади.

Шеърият ва ижод қилишга бўлган завқ ва шавқ уни актрисаликдан кўра саҳна асарлари ёзишга ундайди. Натижада дастлаб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асрор Жўраев билан ҳамкорликда “Учрашув” номли саҳна асарини яратади. Кейинчалик "Рашк", "Зафарнинг ҳукми", "Яғирланган бахт”, "Қувонч" каби ҳикоялари газеталарда чоп этилади.

Ҳам наср, ҳам назмда ижод қилган шоиранинг ҳароратли шеър ва достонлари ҳам эътиборга молик. Бу ижод намуналарида у ватанпарварлик ҳис-туйғуларини зўр иштиёқ билан куйлайди. Ўша дам у ватанпарварлик, мардликни улуғлайди, яъни Иккинчи жаҳон уруши чоғида душманга қарши оёққа турган аскарларимизни ғалабага чорлайди, уларга руҳий мадад беришга интилади:

Ёв адабин бергил, ботир, қаҳрамон,

Ғолиб чиқиб, эл билан қайт соғ-омон

Йўлингизга пояндозлар соламиз

Гуллар билан сизни кутиб оламиз.

Бундай дил изҳорини Раъно нафакат ўзбек йигитлари, балки улар орасида бўлган севикли ёри Сайфиддин Узоқовга қарата хам айтган эди. Шоира "Яхши бор" номли шеърида ҳам турмуш ўртоғига ўз дил сўзларини баён қилади:

Айрилиқни истамас эдим.

Сени жангга қистамас эдим.

Жудоликдан жон қийналса-да,

Паҳлавоним, жангга бор, дедим.

Аммо уларнинг хуш дамлари узоқ давом этмайди. Раъно Узоқова 1944 йилда турмуш ўртоғидан қорахат олади ва ундан ёдгор қизи Раҳима билан ёлғиз қолади. Р.Узоқова шу даврда бир неча йил Самарқандда умргузаронлик қилади. "Ленин йўли" (ҳозирги "Зарафшон") газетасида ишлайди, Самарқанд радиоси ва "Ургут радиосида муҳаррир бўлади. 1946 йилда эса Самарканд област маданият бўлими бошлиғи этиб тайинланади. Лекин орадан бир йил ўтиб, айни жўшиб ижод килаётган шоира, 31 ёшида юрак хасталигидан вафот этади. Тўрт яшар Раҳима, яъни волидамиз бувимиз Самарқандда ижарада яшаган уй эгаси Розиқ бобо қўлида қолади. Отахон ўзи кам миқдорда пенсия олса-да, Раҳимани интернатга бермай ўзи тарбиялайди.

Раъно Узоқованинг ҳаётлигида фақатгина битта "Мардона юринг” шеърлар тўплами нашр этилади. Бу мўъжаз китобчада асосан, шоиранинг уруш мавзусига оид 21 та шеъри тўпланган эди. Шоиранинг вафотидан сўнг адабиётшунос олимлар ва ижодкорларнинг заҳматли меҳнатлари билан унинг асарлари дунё юзини кўрди. Таниқли шоира Зулфия ташаббуси билан "Шеърлар" тўплами чоп этилган бўлса, "Субҳидамда учган қалдирғоч” китобига адабиётшунос Душан Файзий ташаббускор бўлди. Кейинги учта китоб "Субҳидам қалдирғочи (1978), "Талпин, юрак" (1981 йилда Н.Нарзуллаев билан ҳамкорликда). "Сайланма"ни (1993) нашр этишда сурхондарёлик ижодкор Тоштемир Турдиевнинг хизматлари катта бўлди.

Бугун 9 май - Хотира ва қадрлаш куни. Сана муносабати билан бувижонимиз, халқнинг севимли шоираси хотирасини мухтасар бўлса-да ёд олдик. Илоҳим, Раъно Узоқованинг жойлари жаннатда бўлсин!

Гулбар Узоқова.