Шифокор коронавирус инфекциясини уйга олиб кирадиган хавфли буюм ҳақида огоҳлантирди

Россиялик шифокор Лариса Алексеева “Вечерняя Москва” газетасига берган интервьюсида нотўғри ишлатилган ниқоб пандемия даврида фойдаланадиган энг хавфли буюм эканлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақида РИА Новости нашри хабар берди.

Алексееванинг сўзларига кўра, кўпчилик битта ниқобни узоқ муддат давомида тақиб юриб, уни ювилмаган қўллари билан ечиб, чўнтагида олиб юради, кейин ўша қўллари билан юзини ушлайди. Бундан ташқари, улар ўша ниқобни уйларига олиб боради, бу эса коронавирус кўпайиши учун энг қулай шароит ҳисобланади. Шифокор шахсий ҳимоя воситаларига бундай муносабатда бўлиш аянчли оқибатларга олиб келишини алоҳида таъкидлади.

“Бизда “самарасиз ниқоб тақувчи” одамлар жуда кўп. Улар битта ниқобни 10-15 кун, баъзида ундан ҳам кўп вақт мобайнида тақиб юрадилар”, деди у.

Алексеева бир марталик ниқобларни қўлланмага мувофиқ тақиш зарур эканлиги ҳақида эслатиб ўтди: тиббий ниқобни икки соатдан кўп бўлмаган вақт давомида, юзга тегизмаган ҳолда эҳтиёткорлик билан ечиб олиш, шунингдек, целофан пакетга солиб, чиқинди қутисига ташлаш лозим. Шу билан бирга у кўп марта ишлатиладиган ниқобларни кўчадан келгач, албатта совунлаб ювиш зарурлигини таъкидлади.