Шимолий Корея Жанубий Корея ва АҚШ машғулотларига мисли кўрилмаган жавоб қайтарилишидан огоҳлантирди

"Агар АҚШ ва Жанубий Корея биз тажовузкор урушга тайёргарлик деб ҳисоблаган ҳарбий машғулотлар лойиҳасини амалга оширса, улар мисли кўрилмаган, узоқ муддатли қатъий жавобга дуч келишади", дейилади ЦТАКда чоп этилган Шимолий Корея ТИВ вакили мақоласида.

Шимолий Корея ТИВ вакилининг айтишича, Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик кенгашини ўзининг “КХДРга қарши душманлик сиёсатини амалга ошириш учун ноқонуний аппарати”га айлантирмоқда.

“Ҳақиқат яққол кўрсатиб турибдики, айнан АҚШ ва Жанубий Корея Корея ярим ороли ва минтақадаги тинчлик ва барқарорликни бузғунчи, қўзғатувчиларидир. Биз Америка Қўшма Штатларининг дидига қараб суверен давлатнинг ўз-ўзини ҳимоя қилишнинг адолатли ҳуқуқини муҳокама қилаётган, адолат ва ҳаққонийликдан иборат бўлган ўзининг асосий бурчини унутиб қўйган БМТ Хавфсизлик кенгашини жиддий огоҳлантирамиз ва қаттиқ қоралаймиз”, дейилади мақолада.

КХДР ТИВ агар БМТ Хавфсизлик кенгаши АҚШга эргашишда давом этса, КХДР “мунтазам ҳарбий ҳаракатлардан ташқари қўшимча чоралар кўради” дея огоҳлантирди.

Сеул ва Вашингтон келаси ой қўшма "Озодлик қалқони" ( Freedom Shield) баҳорги машқларини ўтказишни режалаштирган.