Шу пайтгача Самарқандда сайловчилар умумий сонининг 34 фоизи овоз беришда иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округи комиссияси матбуот марказида брифинг ўтказилди.
Унда округ комиссияси раиси Х.Муҳаммадиев округ ҳудудида овоз беришнинг бориши тўғрисида маълумот берди.
Бугун мамлакатимизда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилмоқда. Округ бўйича сайловчилар умумий сони 2 миллион 94 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, шу вақтгача округ бўйича 706 минг нафарга яқин фуқаролар, яъни сайловчилар умумий сонининг 34 фоизи овоз беришда иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган календарь режа асосида Самарқанд вилоятида ҳам Президент сайловига қизғин ҳозирлик кўрилди. Барча участкалар учун энг қулай бинолар танланиб, участка сайлов комиссиялари аъзолари, сайловчилар ва кузатувчилар учун зарур шароит яратилди. Сайлов участкалари юқори тезликдаги интернет алоқаси таъминланди. Бугун барча участка сайлов комиссиялари Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ) орқали Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига уланиб, зарур маълумотларни олмоқдалар.
Вилоятдаги 32 та сайлов участкасидаги овоз бериш жараёнларини онлайн кузатиш мумкин.
Сайлов кодексига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган фуқаролар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Марказий сайлов комиссиясининг қарорига кўра, шу йилнинг 28 июнь – 5 июль кунлари юртимизда мазкур жараён амалга оширилди. Самарқанд вилоятида ҳам 92 мингга яқин фуқаро бу ҳуқуқдан фойдаланиб, муддатидан олдин овоз берди.
Айни чоғда сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнларини сиёсий партиялар ваколатли вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқара кузатувчилар кузатиб бормоқда.
Муддатидан илгари Президент сайловини кузатиш учун мамлакатимизда бўлиб турган 15 дан ортиқ халқаро ташкилотлар, ўттиздан ортиқ хорижий давлатларнинг кузатувчиларидан 100 нафарга яқини бугун Самарқанд вилоятидаги овоз бериш жараёнларини кузатмоқда.
Айни пайтда сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.
Шу пайтгача округ сайлов комиссиясига сайлов қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган эмас.
Округ комиссияси матбуот маркази.