Швециядаги ўзбек таассуротлари: Ғарбдан нималар ўрганиш, нималарни эса ўрганмаслик керак

Яқинда дугонам Европа саёҳатидан қайтди. Аввалига чет эл ҳаёти ҳақида ҳавас билан гапирди. Унинг айтишича, Швецияда таълим тизими жуда яхши йўлга қўйилган бўлиб, мактаб ота-она билан ҳамкорликда ишлайди. Ҳамкорлик биздаги сингари ўттиз нафар ота-онанинг ичида бирининг боласини тўполончи, яхши ўқимайди, деб изза қилиш эмас, аксинча, ўқитувчи ҳар бир ота-она билан алоҳида шуғулланади. Унинг ютуқ ва камчиликларини ота-онанинг ўзи билан муҳокама қилади, муаммоларга ечим ахтаради. Боланинг имкониятлари, қизиқишларидан келиб чиқиб, мактабда унга ошпазлик, сартарошлик, дурадгорлик, тикувчилик каби касблар ўргатилади. Ўқувчи мактабда таълим олиш билан бирга мустақил ҳаётга тайёрланади.

Бола тарбиясида ота-она ўз вазифасини астойдил бажаради. Масалан, эр-хотин ўзаро ажрашган тақдирда ҳам боланинг тарбиясида бирга иштирок этади. У билан сайр қилади, дарс тайёрлайди, байрамларни биргаликда нишонлайди.

Давлатнинг 68 фоизи ўрмон бўлиб, яна ҳар йили минглаб дарахтлар экилади. Шунинг учун ҳам табиати тоза, кислородга бой. Одамлари соғлом ҳаёт тарзига амал қилиб, спорт билан мунтазам шуғулланади. Ёши катта одамлар ҳам ўзини кекса деб ҳисобламайди. Ҳамма жойда югуриш учун йўлаклар бўлиб, деярли семиз одамни учратиш қийин.

Транспорт тизими жуда яхши йўлга қўйилган, мамлакатнинг исталган жойига қулай шарт-шароитга эга йўловчи ташиш автобуслари қатнаб туради. Шуниси ажабланарлики, мансабдорларга давлат томонидан алоҳида хизмат машинаси ажратилмайди. Мансабдорлар ҳамма оддий фуқаролар сингари автобус ва метрода ишга қатнайди.

Одамлар исталган жойга чиқинди ташлаб кетмайди. Чиқинди ташлаш жойларида турига қараб махсус қутилар жойлаштирилган. Чиқиндилар чиқиндихонанинг ўзида тўғридан тўғри қайта ишлашга юборилади. Баъзи бўшаган ичимлик идишларига пул тўланади. Айримлар ичимлик идишларини йиғиб, пулига ҳафталик озиқ-овқат сотиб олади.

Қисқаси, шундай. Аммо дугонам у ернинг бошқа томонларини ҳам айтиб берди. Европада ота-она билан ўн саккиз ёшга тўлган фарзанд бирга яшамайди. Ўн саккиз ёшга кирган йигит ёки қиз алоҳида мустақил яшаш учун бошқа квартирага чиқиб кетади. Кексалар қариялар уйида ёки ўзлари ёлғиз яшайди.

Ёшлар расман никоҳдан ўтишни истамайди, шунчаки бир-бирига ишонч билдириб яшайверади. Фарзанд ҳам кўриши мумкин. Баъзилар оила масъулиятидан қочиб, уйланмайди, яъни ёлғиз яшайди. Ёлғизликни хуш кўрувчилар ичида баъзан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб туради.

Швеция давлати бир жинслилар никоҳига қарши эмас, шунинг учун ҳам бекат ва метроларда бир жинслиликни тарғиб қилувчи расмлар ёпиштирилган.

Чет элликлар оила қуришни ва бола туғишни истамайди

Яқинда фейсбук саҳифасида япон кампири ўзбек оиласига чақалоқни кўриш учун келгани ҳақидаги постни ўқигандим. Постда ёзилишича, эрталаб япон кампири болалари квартирани бошига кўтараётган ўзбек оиласининг эшигини таққиллатади. Хонадон соҳиби энди кекса аёлдан гап эшитаман деб эшикни очади. Япон кампири ундан чақалоғини кўришга рухсат сўрайди. Бироз болани ўйнатади, сўнгра ҳар куни сизларникига келиб турсам майлими, дейди. Йигит кампирга бирга яшашни таклиф этади. Суҳбат асносида кекса аёл ёлғиз яшаши, унинг икки нафар фарзанди борлиги, улар онасини кўргани бир йилда бир марта келиши, фарзандларининг иккаласи ҳам оила қурмаганини айтади. Шунингдек, улар яшайдиган кўп қаватли уйда бирорта ҳам оилада ёш бола йўқлиги ҳақида гапиради.

Аҳоли салмоғини сақлаб қолиш нуқтаи назардан Япония, Швеция каби ривожланган давлатлар ҳукуматлари эртанги кундан хавотирда. Тўғри, улар бизнинг мамлакатимиздан 40-50 йилга (балки ундан ҳам кўп) тараққий этиб кетди. Бироқ, улар ўзлигини, миллий қадриятларини унутди. Умуман олганда, нафақат бу давлатлар, балки МДҲда, хусусан, Россияда ҳам туғилиш йилдан йилга камайиб бормоқда. 

Хорижга яхши ҳаёт қидириб кетган ватандошларимиз ҳақида баъзи хабарларни эшитяпмиз. Айниқса, чет элда катта бўлган болалар менталитетимизга ёт бўлган хатти-ҳаракатлари билан ота-оналарини хафа қиляпти. Баъзи оталар ориятига чидай олмай бир кунда ҳамма нарсасини ташлаб, оиласи билан Ўзбекистонга қайтиб келяпти. 

Қувонганим, баъзи давлатлар гўдак йиғисига зор бўлиб турган бир пайтда юртимиз аҳолиси йилдан йилга кўпаймоқда. Шукрки, бизнинг аёлларимиз қомати бузилишдан қўрқмайди, аксинча бағрида боласи бўлмасликдан қўрқади. Шукрки, эркакларимиз ёлғиз яшашни истамайди, хорижда қийналиб меҳнат қилса ҳам болалари таъминотини асосий вазифа деб билади. Шукрки, кексаларимиз уйимизнинг фариштаси, дуогўйимиз. Уларнинг дуосисиз биз фарзандлар ҳеч қандай муваффақиятга эриша олмаслигимизни яхши биламиз. Шукрки, XIV асрдан бери ватанга содиқ бўлиш, ота-онага яхшилик қилиш, одамийликни бизга ислом таълим бериб келмоқда. 

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.