“Сўғдиёна” – “Турон” ўйинини бошқарган бош ҳакам футболдан четлатилди

Бугун ЎФA Ҳакамлик қўмитаси “Сўғдиёна” – “Турон” учрашувига ҳакамлик қилган Виктор Серазитдиновнинг қарорларини ўрганиб чиқди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

Таҳлил натижасида, бош ҳакам Виктор Серазитдинов учрашувнинг 29-дақиқасида “Сўғдиёна” дарвозаси томон 11 метрлик жарима зарбаси белгиламаганлиги аниқланди.

Шунингдек, бош ҳакам 52-дақиқада “Турон” футболчиси ўз жарима майдонида тўпни қўли билан ўйнади дея баҳолаб, пенальти белгилаган вазият хато эканлиги қўмита вакиллари томонидан қайд этилди.

Қўпол хатоларга йўл қўйганлиги ҳамда ушбу хатолар ўйин натижасига таъсир ўтказганлиги сабабли Виктор Серазитдинов ҳакамлик фаолиятидан номуайян муддатга четлатилди.

Шунингдек, ҳолат бўйича тегишли маълумотлар, учрашув қайдномаси ва инспектор ҳисоботи, видеоматериалларни ўрганиб чиқиш ишлари бошланди. Ноқонуний ҳолатлар аниқланган тақдирда ЎФA Этика қўмитаси тегишли тартибда кўриб чиқиб, якуний қарорларни қабул қилади.