Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Метапневмовирус янги касаллик эмас

Сўнгги кунларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда дунёнинг қатор мамлакатлари бўйлаб метапневмовирус инфекцияси авж олаётгани ҳамда ушбу хасталик COVID-19дан ҳам хавфлироқ эканлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

ССВга кўра, метапневмовирус аввалдан маълум инфекция бўлиб, биринчи марта 2001 йилда аниқланган. Бу инфекция одатда бурун оқиши, йўтал ва иситма белгилари билан, худди ўткир респиратор вирусли инфекциялар шаклида пайдо бўлади, баъзи ҳолларда бронхиолит ва пневмонияни келтириб чиқаради.

Мазкур вирус билан хасталаниш ҳолатлари дунёнинг барча минтақаларида ҳар йили қайд этилади. Метапневмовируснинг куз-қиш даврида янада фаоллашуви кузатилади.

Ўзбекистонда ҳам айни вақтда ўткир респиратор инфекцияларнинг мавсумий кўтарилиши кузатилмоқда. Юртимизда уларнинг лаборатория текширувлари мунтазам амалга ошириб келиняпти ва ана шундай текширувларнинг 39,9 фоизида грипп вируси, 32,2 фоизида риновирус, 30,6 фоизида респиратор-синцитиал вирус ва 1,2 фоизида метапневмовирус аниқланган.