Соғлиқни сақлаш вазирлиги тўйхонада овқатдан заҳарланганларнинг ҳолати бўйича аниқ маълумотларни келтирди

Аввалроқ Самарқанд шаҳридаги тўйхонада одамларнинг овқатдан оммавий заҳарланиши бўйича хабар берган эдик. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур ҳолатни ўрганиб, қуйидагиларни маълум қилади.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жорий йил 16 сентябрь куни соат 16:10 дан соат 18:30 га қадар турли хонадонларда яшовчи етти нафар фуқаро бир хил клиник белгилар (кўнгил айниш, қайт қилиш, бош оғриғи, қорин соҳасида оғриқ, 4-5 марта ич кетиш, тана ҳароратининг юқорилиги, ҳолсизлик) билан мурожаат қилишган.

Ўтказилган тезкор эпидемиологик суриштурувларда барча беморлар 14 сентябрь куни кечки вақтда Регистон кўчасида жойлашган “Мўъжиза” ресторанида ўтказилган тўйда иштирок этиб, тўйдан сўнг ортиб қолган гўшт ҳамда айрим озиқ-овқат маҳсулотларини уйларига олиб кетишган. Улар бу таомларни хонадонларида тўйнинг эртаси куни, яъни жорий йил 15 сентябрь куни тушликда ва кечки овқатда истеъмол қилишган.

Беморларда 15 сентябрь куни кеч соат 18:00 ларда кўнгил айниши ва қайт қилиш каби клиник белгилар билан касаллик бошланган. Айримлари уй шароитида муолажа ўтказишган, аҳволи яхшиланмагач, “тез  тиббий ёрдам”га мурожаат қилишган.

Айни пайтга қадар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 17 нафар бемор мурожаат қилган. Уларга овқат токсикоинфекциясининг енгил ва ўрта оғир даражаси ташхиси қўйилиб, 11 нафар бемор ётиб даволанаяпти, аҳволи яхши. Қолган 6 нафарининг аҳволи яхшилангач, уйига рухсат берилган.

Беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратига олинган бўлиб, малакали шифокорлар томонидан даволаш ишлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.