Соғлом овқатланиш – уйдирма ва ҳақиқат
Диетолог мутахассиснинг кечки 18.00 дан сўнг нега овқатланиш мумкин эмас, деган фикрга нисбатан муносабати
Кўпчилигимизда кечки 18.00 дан сўнг овқатланиш мумкин эмас, деган қараш шаклланиб қолган. Шунингдек, нонуштани ўзинг е, тушликни дўстинг билан, кечки овқатни эса душманингга бер, деган фикрлар ҳам шу мазмунни ифода этади. Хўш, бу фикр қаердан чиққан ўзи? Нега кечки олтидан сўнг овқатланиш мумкин эмас? Келинг, бу ҳақда мантиқий ўйлаб кўрайлик. Ҳозир сизга бу ҳақда маслаҳат берсам, бу фақат менинг фикрим бўлиб қолади. Яхшиси бу ҳақда биргаликда фикр юритайлик.
Демак, биз олтидан кейин овқатланмасак, кейинги таомланишимиз, яъни келаётган куннинг эрталабки вақтигача тахминан 12-13 соат вақт ўтиб кетади. Яъни 12 соатлик оч қолиш дегани бу. Шунинг ўзиёқ нотўғри. Сабаби, инсон 10 соат давомида оч қолса организмда бир фермент ишлаб чиқилади, у эса кейинги гал овқатланганда биринчи навбатда ёғларни ўзига сингдириб олишга ҳаракат қилишга ёрдам беради. Яъни организм ақлли бир инстинкт билан оч қолганини сезгач, яна оч қолиш эҳтимоли борлигини билиб, биринчи навбатда келгуси учун ўзига заҳира йиғиб бошлайди. Иккинчидан, кечаси барча гормонлар ишлаб чиқиладиган пайт. Бу эса қўшимча оқсиллар, углеводлар зарур деганидир. Биз эса организмни оч қолдириш билан уни бу имкониятдан маҳрум этамиз. Мия эса 7 дақиқа ҳам углеводсиз яшай олмайди. Бу эса ўз навбатида кишини уйқусизликка олиб келади. Алоҳида таъкидлаш керакки, озиш ниятида бўлганларнинг кўпчилиги уйқусизликка дучор бўлади. Кейин асабийлик, жиззакилик пайдо бўла бошлайди. Бу эса олтидан кейин ҳам овқатланиш кераклигини, озмоқчи бўлганлар эса буни тўғри амалга оширишлари лозим бўлади. Ҳатто ярим кечаси ҳам овқатланиш керак. Масала – нимани истеъмол қилишда. Турли бўтқаларни истеъмол қилиш қанчалик ҳайратланарли бўлмасин, ростдан ҳам мумкин эмас. Ширинликни ҳам кечаси ейиш зарар. Оқсил ейиш мумкин. Мисол учун товуқ гўшти, балиқ, сабзавотларни бемалол истеъмол қилиш мумкин. Ҳатто мижозларимга кечқурун қайнатилган тухум ейишни тавсия этаман.
Шундай экан, бизнинг тушунчаларимизда шаклланиб қолган, кечқурун овқатланиш мумкин эмаслиги ҳақидаги фикрлар шунчаки уйдирма.