Соҳибқироннинг ҳарбий санъати рус саркардаларига ўргатилган

Айнан Соҳибқирон ҳукмронлиги даврида ўзбек давлатчилиги тарихига энг ёрқин саҳифалар битилди. У вайрон бўлган шаҳарларни тиклади, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ва зироатчиликнинг ривожланишига шарт-шароит яратиб берди. Натижада мамлакатда илм-фан ва маданият мисли кўрилмаган даражада ривожланди.
Фаолияти давомида "Куч - адолатда" шиорига амал қилган Амир Темур давлатни бошқаришда аҳолининг барча табақаларига суянди. Ўзидан олдин ўтган ҳукмдорлардан фарқли илм-фан, маданият ва санъат фидойиларига ҳомийлик қилди. Ислом маънавиятининг аҳамиятини чуқур англаган ҳолда Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд тариқатларини кенг тарғиб этишга бел боғлади.

Соҳибқирон хислатлари ҳақида ўша давр муаррихлари Абдураззоқ Самарқандий, Хондамир, Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий ва бошқаларнинг асарларида муҳим тарихий маълумотлар келтирилган. Аммо ушбу манбаларнинг барчасида ҳам Темур шахси ва фаолиятига холисона баҳо берилган, деб бўлмайди.
Масалан, форс ва араб манбаларида, жумладан, Ибн Арабшоҳ асарларида Амир Темур шахси қораланган ва у Темурланг, яъни "Темур оқсоқ" деб аталган. Кейин эса рус ва Европа манбаларида Соҳибқирон "Темурланг" номи билан атала бошланди. Аслида Амир Темур 1362 йилда "жета" – мўғулларга қарши курашда оёғи ва қўлидан жароҳатланган. Қўли тузалган, аммо оёғи бир умр оқсоқ бўлиб қолган.

Чор Россияси ва большевиклар Амир Темурнинг ҳарбий санъатини ўрганишга қизиққан ва уни ҳурмат қилишган. Мисол учун, 1875 йилда Санкт-Петербургда рус зобити М.Иванин "Мўғул-татарлар ва Ўрта Осиё халқларининг Чингизхон ва Амир Темур давридаги ҳарбий санъатлари ва истилолари" асарини чоп эттирган. Асарда Амир Темур шахси, ҳарбий санъати, жаҳон тарихидаги ўрнига ҳаққоний баҳо берилган. 1918 йилда большевиклар ташкил этган "Қизил комиссарлар курси"да Амир Темурнинг ҳарбий санъати алоҳида ўрганилди. Бу курсда таҳсил олган Михаил Фрунзе, Аркадий Гайдар каби саркардалар Амир Темур шахси ва ҳарбий маҳоратини алоҳида ҳурмат қилган ва ҳар иккиси ҳам тўнғич ўғилларига Темур, деб исм қўйган.

Аммо совет давлатида коммунистик мафкуранинг якка ҳукмронлиги, рус шовинизми кучайган даврда тарих хулосаларининг мафкурага хизмат қилиши кузатилди. Оқибатда собиқ иттифоқ тарихшунослигида Амир Темур тарихи сохталаштирилиб, унинг шахси қораланди. Китобларда эса Соҳибқирон аскарларининг Москва атрофига етиб борганлиги хусусида "Мўғул-татарлар Москвани қамал қилди", – деб ёзишган. Аслида Темур аскарлари Тўхтамишхонни тор-мор қилиб, рус ерларини мўғул истилосидан озод этганидан кейингина Москва атрофида пайдо бўлган эди. Афсуски, бу ҳақиқат Россия матбуотида 1995 йилдагина ёзилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, советлар даврида Амир Темур шахси қанчалик қораланмасин, унинг фаолиятини холисона ёритишга ҳаракатлар бўлган. Бу борада таниқли олим Иброҳим Мўминовнинг "Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрни ва роли" асари муҳим аҳамиятга эга. Аммо олим бу асари учун собиқ иттифоқ партия раҳбарлари томонидан танқид остига олинди.

Мустақилликкача бўлган даврда Амир Темур қиёфасини тасвирлашда ҳам холисона ёндашилмади. У расмларнинг бирида мўғулга, иккинчисида ҳиндга, учинчисида бошқа миллат вакилига ўхшатиб тасвирланди. Кўпчилигимиз Соҳибқиронни антрополог-ҳайкалтарош М.Герасимов яратган қўрқинчли бюст орқали тасаввур қилардик, холос.
Мустақиллик йиллари Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Амир Темур шахси ва фаолиятини ўрганишга алоҳида аҳамият берилди. 1993 йил Тошкентда Амир Темурнинг ҳайкали ўрнатилди. 1996 йил Соҳибқироннинг 660 йиллиги дунёда ва мамлакатимизда кенг нишонланди. Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида ҳайкали қад ростлади. Шунингдек, пойтахтимизда Темурийлар тарихи давлат музейи очилди, кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилди.

Ҳозир ҳам Соҳибқирон Амир Темурдек ўлмас сиймоларимиз номини абадийлаштириш, улар меросини ўрганиб, келажак авлодга етказишда қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги Фармонига асосан, мамлакатимизнинг барча ҳарбий академик лицейларига "Темурбеклар мактаби" номи  берилди.

Алишер ТОЙИРОВ,
Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти доценти,
Шаҳзод АҲМЕДОВ,
ўқитувчи.