Солиқ концепцияси: у жамиятга, фуқарога, тадбиркорга нима беради?
Қўшилган қиймат солиғининг жорий этилиши нарх-навонинг ошиб кетишига таъсир қилмайдими?
ҚҚС қандай маҳсулотларга қўлланилмайди?
Қайси турдаги солиқ ҳисоботлари соддалаштирилади?
Товарлар қолдиғи учун қўшилган қиймат солиғи қўлланиладими?
Бу каби саволлар Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Мусаев иштирокида вилоятимизда фаолият юритаётган йирик тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчи корхоналар вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирнинг муҳокама марказида бўлди.
Унда Солиқ концепцияси, 2019 йилдан солиқ қонунчилигида татбиқ этиладиган янгиликлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тушунча берилди. Шунингдек, қулай рақобат муҳити яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкламасини камайтириш, мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш концепциянинг асосий мақсади эканлиги таъкидланди.
- Бу каби тадбирнинг ташкил этилгани ҳар бир ишлаб чиқарувчи учун солиқ борасидаги билимларини ошириб боришда катта аҳамиятга эга, - дейди «Навобод наслли парранда» фермер хўжалиги бошлиғи Ҳайдар Ўроқов. - Айниқса, қўмита раҳбари иштирокидаги бугунги тадбирда солиқ соҳасидаги ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан бирга фаолиятимизда юзага келаётган муаммоларга ечим топдик ва солиқ сиёсатини такомиллаштириш борасидаги ўз таклифларимизни ҳам билдирдик.
Тадбир давомида Давлат солиқ қўмитаси раиси тадбиркорлар фаолиятини текшириш борасида солиқ органлари томонидан ўтказилган текширувлар борасида ҳам маълумот берди.
Шунингдек, туманлар давлат солиқ инспекцияларининг қўшилган қиймат солиғи тўловига ўтаётган корхоналарга бириктирилган ходимлари учун амалий семинар ҳам ўтказилди. Унда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш, ҚҚС тўловчилар билан ишлаш тартиблари ва мавзуга доир бир қатор масалалар юзасидан атрофлича фикр юритилди.
Даврон РАВШАНОВ,
Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи.