Солиққа тушумлар нега кечикмоқда?

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган навбатдаги аппарат йиғилишида бюджет тушумлари бўйича иккинчи чорак, шу жумладан, июнь ойи кўрсаткичларини таъминлаш борасида олиб борилаётган  ишлар ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама этилди.

Уни вилоят ҳокими Э.Турдимов олиб борди.

 Йиғилишда қишлоқ хўжалиги, қурилиш корхоналарида солиқдан қочиш ёки тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслик ҳолатлари ортиб бораётгани тилга олинди. Бундан ташқари, вилоят транспорт бошқармаси томонидан махсус лицензия асосида, юк ҳамда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи 75 та транспорт уюшмалари томонидан 17 июнь ҳолатига 281 миллион сўм миқдорида солиқ қарзи тўланмаган.

Бюджетга солиқ тушумлари прогноз кўрсаткичларининг амалга оширилишида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича етарли иш олиб борилмаётганлиги танқид қилинди. Мисол учун, Ургут туманида 370, Самарқанд туманида 119, Паст Дарғомда 116, Иштихонда 86 та корхона томонидан солиқ органларига "0" ҳисобот тақдим этиб келинаётган бўлса-да, бирорта масъул корхонанинг нима муаммоси борлиги ёки уларнинг нима сабабдан тушумларни яшириб келаётганига аниқлик киритмаган.

Бюджетга тушум миқдорини оширишда иш ўринларини расмийлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, нақд пул ҳамда пуллик хизмат кўрсатувчи субъектларда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди.

Шунингдек, йиғилишда Президентимизнинг 2019 йил 11 январда вилоятимизга ташрифи давомида ўтказилган йиғилиш баёнида белгиланган топшириқлар ижроси ҳам муҳокама этилди.

Қайд этилишича, йиғилиш баёнида белгиланган 206 та топшириқнинг 106 таси тўлиқ бажарилган. 10 та топшириқ муддатида бажарилмаган, муддати яқинлашган 8 та топшириқнинг ўз вақтида бажарилмаслиги хавфи бор.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида кенг кўламдаги ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, шаҳар кўчаларини кенгайтириш ва таъмирлаш, замонавий турар ва нотурар жой биноларини қуриш бўйича берилган топшириқлар ижроси кечиктирилмоқда. Бу борада "Самарқанд Сиёб савдо" унитар корхонасига қарашли автомобиль эҳтиёт қисмлари бозори рўпарасида замонавий автосалон қуриш ҳалигача бошланмаган.

Чашма коллектори атрофида (Бўстонсарой кўчаси) истироҳат боғи ва меҳмонхона барпо этиш, Бўстонсарой кўчасининг "Ёшлик" стадионигача бўлган қисмида меҳмонхона, банк ва савдо мажмуалари қуриш ишлари мутасаддиларнинг эътиборсизлиги сабаб тўхтаб турибди.

Туризмни ривожлантириш билан боғлиқ масала - Чўпонота массивида жойлашган собиқ "Ғор" ресторани орқасида жойлашган 72 гектар майдонда кўнгилочар сайёҳлик мажмуаси ташкил қилишга киришилмаган.

Йиғилишда вилоят ҳокими томонидан масъулларга зарур топшириқлар берилиб, суст­кашликка йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан тегишли чоралар кўриш белгиланди.

Ўз мухбиримиз.