Спорт тарғиботчиси спортни қандай тарғиб қиляпти?
Бу саволга Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида корхона-ташкилот ва меҳнат жамоаларида тайинланган спорт тарғиботчилари учун ташкил этилган ўқув-семинарда жавоб изланди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Нуруллаев жойларда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва оммавий спортни ривожлантириш кўнгилдагидек эмаслигини қайд этди. Шунингдек, меҳнат жамоалари ўртасида турли спорт мусобақаларини ўтказиш орқали ишчи-ходимларнинг спортга қизиқишини ошириш мумкинлиги, бу эса улар саломатлигини яхшилашга, ортиқча вазнни йўқотишга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбирда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев, вилоят спорт фахрийлари кенгаши раиси Ҳ.Рофиев корхона-ташкилотларда ташкил этилган тарғиботчилар энди спорт тарғиботини қандай олиб бориши кераклиги ва ишчи ходимлар билан тадбирларни қай ҳолатда ташкил этиши, айниқса, эрталабки бадантарбия машқларини кундалик ҳаётга киритиш зарурлиги ҳақида гапирди.
Семинар якунида 60 нафар спорт тарғиботчиларига сертификат топширилди.
Ҳусан Элтоев.