Спорт хабарлари

Футбол

Самарқанд шаҳрида 2007 йилда туғилган футбол маҳорат мактаблари ўқувчилари ўртасида Ўзбекистон кубоги баҳслари бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг барча вилоятлари жамоалари иштирок  этди.

Муросасиз кечган баҳс натижасига кўра, Андижон вилояти жамоаси кубогни қўлга киритди. Сирдарё вилояти жамоаси иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Навоий вилояти жамоаси учинчи ўрин билан кифояланди.

Гандбол

Самарқанд шаҳрида гандбол бўйича 2003-2004 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақада республикамизнинг барча вилоятларидан жами 400 нафарга яқин спортчилар иштирок этди.

Қизлар ўртасидаги баҳсларда вилоятимиз гандболчилари кубок соҳиби бўлди. Андижон ҳамда Хоразм вилояти жамоалари иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритди.

Дзюдо

Тойлоқ тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида дзюдо бўйича вилоят чемпионати ўтказилди.

Беллашувда Самарқанд шаҳри дзюдочилари энг кўп медалга эга чиқди. Тойлоқ ҳамда Паст Дарғом тумани спортчилари иккинчи ва учинчи ўринни эгаллади.

Аҳрор ШАМСИЕВ.

Қўл жанги

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида қўл жанги бўйича ўсмирлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан 21 та жамоанинг 600 нафарга яқин қўл жанги усталари 4 та вазн тоифасида ғолиблик учун ўзаро куч синашди.

Якуний натижага кўра, ўсмирлар ўртасидаги баҳсда самарқандликлар учинчи ўринни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, вилоятимиз қўл жанги усталари шу йилнинг 19-20 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Самарқанд вилояти хокими кубоги-2020” мусобақасига тайёргарлик кўрмоқда.

Раҳимжон ҚОДИРОВ.