“Субсидия масаласи инсон омилисиз ҳал этилмоқда, бу бўйича ёрдам сўраш ўринсиз” — вилоят ҳокими
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг навбатдаги сайёр қабули Пайариқ туманида ўтказилди.
Вилоятнинг барча туман, шаҳарларидан келган фуқаролар асосан электр таъминоти тизими, трансформатор ва симёғочлар ўрнатиш, йўл, қурилиш, даволаниш, моддий ёрдам, ноқонуний қурилишларни бартараф этиш, уй-жой, ишга жойлашиш, кредит ажратиш каби масалаларда мурожаат қилишди.
Вилоят ҳокими қабул қилинмайдиган мурожаатлар масаласига ҳам тўхталди:
- Айрим фуқароларимиз уй-жой олиш учун субсидия масаласида ёрдам сўрашмоқда. Бир нарсани тушунишингизни истардим. Субсидия ажратишда инсон омили йўқ. Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинади. Махсус дастур асосидагина автоматик равишда кўриб чиқилади бу масала. Агар сизнинг аризангиз, ҳолатингиз белгиланган мезонларга тўғри келмас экан, биз ҳеч қандай ёрдам беролмаймиз. Субсидия бўйича имтиёзларни шунга лойиқ, мезонларга мос одамлар олиши керак.
Шунингдек, уйни таъмирлаш каби масалаларда ҳам мурожаатлар бўлмоқда. Албатта, таъмирга, моддий кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам берамиз, ҳомий топамиз. Аммо, оилада боқувчиси йўқ, даромади бўлмаган кишиларга. Вояга етган, ишга лаёқатли, томорқаси бўла туриб фойдаланмаган кишиларга ёрдам кўрсатиб, бу нарсаларга меҳнат қилиб, ўз заҳмати билан эришаётганларга ҳурматсизлик қилолмаймиз - деди вилоят раҳбари.
Шунингдек, сайёр қабулга олдинги сайёр қабулда эшитилган мурожаатлар натижаси бўйича ҳам фуқаролар келди.
- Каттақўрғон тумани Тоғчиноқ қишлоғидан келдим, - дейди мурожаатчилардан бири Қурбонқул Маҳмудов. – Самарқанд шаҳрида ўтказилган сайёр қабулда ҳудудимиздаги йўл ва коммунал соҳадаги камчиликлар билан боғлиқ бир нечта масалалар юзасидан мурожаат қилгандим. Айни вақтда тегишли ташкилотлар амалий ҳаракатларни бошлагани сабабдан келиб ҳолатни маълум қилиб кетяпман.