Судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар иши 50 фоизга камайтирилади

Етти йил ичида қонунларни либераллаштириш жараёнлари янада соддалаштирилади. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиёти 30 фоиздан 20 фоизга туширилади. Судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида икки баробарга оширилади. Маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омиллар тўлиқ бартараф этилади.

Бу каби ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон - 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармонида белгиланган.

Ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида қабул қилинган мазкур Фармон билан қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги ислоҳотлар давом эттирилади.

Юқоридагилардан ташқари судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш масалаларида ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Яъни, судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сони 50 фоизга камайтирилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизини электрон шаклда келиб тушишига эришиш ҳам асосий мақсадлардан бири. 

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, суд тизимини бошқаришга судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини тўлақонли жорий этиш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари тизимини тўлиқ шакллантириш, жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича 0,64 баллни тўплашга эришиш, бошқарув сифати индикаторларининг Ҳуқуқ устуворлиги йўналиши бўйича 61,5 баллни тўплашга эришиш каби устувор мақсадлар режа қилинган.

Суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар тоифасининг камида 30 фоизини хусусий сектор ёрдамида ижро этишни йўлга қўйиш, 100 фоиз жиноят ишлари ва материалларнинг электрон шаклдаги нусхасини юритиш ва ушбу ишлар бўйича электрон ҳужжат алмашинувини таъминлаш, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви даражасини камида 50 фоизга етказиш, 100 фоиз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш каби эзгу мақсадлар ҳам асосий вазифалар қаторига киради. 

Бир сўз билан айтганда, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилади. Суд қарорларининг ижросига алоҳида аҳамият берилади.

А.Мамараҳимов,

Жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг раиси.

А.Ҳайдаров, судья.