Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Судларга электрон мурожаат қилиш мумкин. Аммо бунинг учун барибир шаҳарга тушиш шарт

Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши соҳада очиқлик, шаффофликни таъминлайди. Судларда иш юритиш тезкорлигини ошириш билан бирга одил судловга эришиш даражасини оширади.

Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу йўналишдаги ишларни янада кенгайтиришга йўл очди. Негаки, фармон билан судларнинг фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни янада кенгайтириш дастури ишлаб чиқиш белгиланди.

Умуман, соҳада интерфаол хизматларни тақдим этиш мақсадида Олий суд томонидан «E-SUD» миллий электрон судлов ахборот тизими яратилган.

Ушбу тизим орқали судларга даъво аризаси, ариза, апелляция, кассация, назорат шикоятлари ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни электрон шаклда юбориш мумкин. Процессуал ҳужжатларни автоматик равишда яратиш, чақирув қоғозлари ва хабарномаларни тақдим этишнинг янги механизми жорий этилган.

Бундан ташқари, суд ишини кўриш доирасида жисмоний шахсларни хабардор қилиш тизими такомиллаштирилди. Судьялар ўртасида суд ишларини автоматик тақсимлаш йўлга қўйилган.

Бироқ бугунги кунда ҳар қандай ахборот тизими ташқи ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари билан ўзаро ҳамкорликда ишламаса маълумотларни тезкор тарзда, реал вақт режимида олиш ва тақдим этиш имконияти чекланади. Шу боис соҳадаги долзарб вазифалардан бири - электрон ҳукумат доирасидаги ахборот тизимлари ва ресурсларининг ўзаро ҳамкорликда ишлашини таъминлаш ҳисобланади. Жумладан, “E-SUD”нинг бошқа ахборот тизимлари ва ресурслари билан интеграциясини таъминлаш зарур.

Судларнинг ихтисослигидан келиб чиқиб фаолияти бевосита боғлиқ бўлган ижро ҳокимияти институтлари бор. Масалан, иқтисодий судлар маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда савдо-саноат палатаси билан муайян низоларни ҳал этиш ёки қарорлар ижросини таъминлаш юзасидан муносабатга киришади. Бу жараёнда суд ҳужжатлари алмашинувида тезкорлик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ўта муҳим масала. “E-SUD” ахборот тизимининг фақат судлар фаолиятини тартибга солиш билан чеклангани эса суд ҳужжатлари ижросини реал вақт режимида амалга оширишга тўсқинлик қилади. Шу боис ҳар бир суднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, “E-SUD” ахборот тизимини электрон ҳукумат доирасида бошқа ахборот тизимлари ва ресурслари билан интеграциялашнинг мақбул ва самарали йўлларини ишлаб чиқиш зарур. Бундан ташқари, “E-SUD” ахборот тизимининг самарали ишлашини таъминлаш учун чекка ҳудудлардаги алоқа ва интернет хизматлари сифатини ошириш зарур. Чекка ҳудудларда алоқа сифати талаб даражасида эмаслиги суд процессини видеоконференц-алоқа орқали ташкил этишда қийинчилик туғдирмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, “E-SUD” ахборот тизимини бугунги кун талаблари даражасида такомиллаштириш, кўрсатилаётган хизматларнинг аҳоли учун содда ва тушунарли бўлишига алоҳида эътибор қаратиш керак. Бу эса суднинг очиқлигини таъминлаб, адолат ўрнатилишида муҳим ўрин тутади ва фуқаролар манфаатига хизмат қилади.

Тўхтаев КАМОЛИДДИН,

Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг раиси.