Судья ёки прокурор ҳаммасини ҳал қилмайди
Ўтган йили 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига асосан Иқтисодий процессуал кодексга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, ушбу Кодекс 50-моддасининг биринчи қисмига қуйидагича ўзгартириш киритилди, яъни прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда иштирок этиши мумкин. Прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас. Прокурор давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Таъкидлаш лозимки, Кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун ва моҳиятига кўра, судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини кенгайтириш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар ҳисобланади.
Қонунчиликдаги янгилик бўйича прокурор ўзининг даъво аризаси асосида қўзғатилган ишлардан ташқари давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қуйидаги ишларнинг кўрилишида ҳам иштирок этиши мумкин:
- Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш;
- Ерга оид ҳуқуқий муносабатлар;
- Давлат мулки билан боғлиқ ишлар;
- Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга мулк ҳуқуқини эътироф этиш;
- Хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш;
- Давлат бюджетидан ундирувлар;
- Божхона тўловларини ундириш.
Судлар томонидан қонунда прокурор иштирок этиши назарда тутилган ишларни судда кўрилиши ҳақида прокурор суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида процессуал тартибда ажрим чиқариш орқали хабардор қилинади.
Қонуннинг аҳамиятли томони шундаки, судлар томонидан прокурорларга қонунда прокурор иштирок этиши белгиланган ишлар бўйича иштирокни таъминлаш ҳақида ажрим юборилмаган ёки прокурор иштирок этиши белгиланмаган ишлар бўйича прокурор қатнашиши ҳақида ажрим юборилган тақдирда, прокурорлар бундай ишларда иштирок этмайди.
Янги қонун билан прокурорларнинг суд қарорларига протест келтириш ёки ишни суддан талаб қилиб олиш билан боғлиқ ваколатлари ҳам кенгайди. Хусусан, прокурор ўзи иштирок этган ишлардан ташқари, қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган бўлиб, бироқ у суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган ишларни ҳам талаб қилиб олиш ҳамда суд ҳужжатига нисбатан протест келтиришга ҳақли.
Қонуннинг яна бир муҳим аҳамиятли томони - давлат мулки билан боғлиқ ишлар аниқ белгилаб қўйилди. Хусусан, 1. Давлат мулкини эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш билан боғлиқ битимлардан келиб чиқадиган ишлар. 2. Давлат мулкига етказилган зарарларни ундириш. 3. Давлат мулкини бировнинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш. 4. Давлат мулкидан фойдаланишда мулк эгасининг қилинган тўсиқларни бартараф этиш. 5. Давлат мулкини ундирувга қаратилиши билан боғлиқ низолар.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши давлат мулкини, шу жумладан ер майдонининг ноқонуний талон-торож қилинишини олдини олишга ҳамда давлат бюджетига ундирувларни ўз вақтида амалга оширилишига, прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини оширишга, судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилишга ҳамда қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.
Луқмонбой Асатов,
Паст Дарғом туманлараро иқтисодий суди раиси.