Судьялар олий кенгаши Самарқанддаги судьялар билан учрашув ўтказди

 Судьялар олий кенгаши, суд фахрийлари, судьялар ва вилоят жамоатчилиги вакиллари иштирок этган учрашув одил судлов самарадорлигини таъминлаш ҳамда тизимда коррупциянинг олдини олиш масаласига бағишланди.

  Йиғилишда Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист А.Мардиев ва бошқалар суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида сўз юритди. Тизимда адолат устуворлигини таъминлаш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш энг муҳим талаб эканлиги таъкидланди. 

– Бугун судларга, судьяларга давлат томонидан шунчалик катта эътибор қаратилмоқда, – деди суд соҳаси фахрийси И.Очилов. – Судьялар ойлик маоши оширилди, уларга бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилди. “Ибратли судья” мукофоти, “Суд фахрийси” кўкрак нишони таъсис этиш таклифи илгари сурилмоқда. Яна бошқа кўплаб янгиликлар бўлаётган бир пайтда тизимда коррупцияга йўл қўйиш адолатга қилинган хиёнатдир. Бу фуқароларнинг судларга бўлган ишончига путур етказади, адолат қўрғони пойдеворига дарз кетади. Шу боис тизимда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига йўл қўймаслик, бу борада ички назоратни кучайтириш зарур.

  Учрашувда судьянинг фақатгина қонунларни мукаммал билишининг ўзи етарли эмаслиги, гап судьянинг ички туйғуси, маънавий дунёқарашидан келиб чиқиб, қонунларни қандай қўллашига ҳам боғлиқлиги қайд этилди. Судьяларга фуқароларнинг ўз муаммоларини ҳал эта олмасдан судма-суд сарсон бўлиб юришларининг олдини олиш мақсадида биринчи инстанция судларида ишларни ҳар томонлама пухта, атрофлича кўриб чиқиб қонуний ва адолатли қарор қабул қилиш, суд қарорларининг мазмун-моҳиятини тарафларга оддий тилда тушунтириб боришлари лозимлиги уқтирилди.

Учрашувда суд фахрийлари ва жамоатчилик вакиллари кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб, ёш судьяларга ўз тавсияларини бердилар.