Сув тошқинлари, ёнғинлар, юқори ҳарорат: Иқлимга нима бўляпти?

Инсон тарихи давомида турли иқлим ўзгаришларига бардошлик қобилиятини намойиш қилиб келган. Аммо бу сафар дош бериш оғир кечяпти.

Тарихида жазирама бўлмаган ҳудудда жазирама, совуқ бўлмаган ҳудудда совуқ бўлаётгани бу ҳали таҳдиднинг бошланиши, деган хавотирда олимлар. Мисол учун, Мексиканинг Гвадалахара штати аҳолиси июль ойи жазирамасида кутилмаганда икки метр қалинликда дўлга дучор бўлди. Бу нафақат штат губернатори Энрике Альфарони, балки сайёрамиз барча иқлимшуносларини саросимага солди. Негаки, ер юзида бундан-да баттар довул, тўфон, қирғоқчилик, сув тошқини, ёнғин, зилзила каби вайронагарчилик келтирувчи офатлар ҳам кўпаймоқда.

Оқибатлар ғоят ачинарли. Статистикага кўра, ер юзи аҳолисининг 30 фоизи гулловчи ўсимликлардаги аллергия – полиноздан азият чекяпти. Негаки, йиллик ҳарорат қанча баланд бўлса, ёз даврида бу хатар янада кучаяди. Табиий ёнғинлардан тарқалаётган тутун ва кул янада хавфли – юрак хуружи, нафас сиқилиши, астма бўғилишдан ўлим ҳолатини кўпайтиради. Бунга 2010 йилда Россияда ёнғин оқибатида ўлим 36 фоизга кўпайганини мисол келтириш мумкин.

Атроф-муҳит ўзгариши гуллаб-яшнаётган давлатларни аллақачон саросимага солиб қўйди. Ўзларининг технология салоҳияти билан цивилизациянинг юқори поғоналарига кўтарилган бу давлатлар ҳам табиат таҳдиди олдида ожиз қолишяпти. Кичик бир мисол: ҳозирда Аляска атрофидаги муз жадал эрияпти. Йўлдошлар маълумотига кўра, Чукотка ва Беринг денгизлари ҳарорати Цельсий бўйича меъёридан беш даража юқорига кўтарилган. Нафақат Аляска соҳиллари, балки тирикчилиги қишлоқ хўжалиги, иқлимга боғлиқ бошқа ҳудудлар ҳам зарба остида қолмоқда.

Бангладеш аҳолиси зич давлат, ҳайдаладиган ер аҳоли жон бошига жуда кам. Глобаль исиш аҳоли бошига шиддатли тропик циклонлар, аёвсиз сув тошқинларини келтирмоқда. Хатарли қурғоқчилик Африканинг шундоқ ҳам қашшоқликка маҳкум мамлакатлари бошига кулфат ёғдирмоқда.

Глобал иссиқликнинг бошқа хатарли кўриниши – дунё океани сатҳининг кўтарилиши жорий аср охирига бориб жаҳон харитасини бутунлай қамраб олиши мумкин. Прогнозлар бўйича келажакда Амстердам, Венеция, Триполи, Иокагама шаҳарлари Мальдив оролларини аянчли қисмат кутмоқда, улар батамом сув остига ғарқ бўлади. АҚШ, Голландия, Италия, Дания, Испания, шунингдек, Хитой ва Япониянинг жуда катта ҳудудларини сув босади. Керчь, Феодосия, Евпатория, Одесса Қора денгиз суви қаърида қолиши мумкин.

Умуман, 2100 йилга бориб ер юзининг 100 миллион аҳолиси океан суви кўтарилиши оқибатида бошпанасидан маҳрум бўлади.

Буни қарангки, глобал исиш, иқлим ўзгариши инсоният бошига кулфат ёғдириши билан бирга яшаш учун  ижобий таъсир ҳам кўрсатар экан. Яқинда “Enviroymental Research Letters” журналида россиялик ва америкалик иқлимшунослар глобал исиш Сибирь ва Узоқ Шарқда яшаш учун қулай шароит яратишини баён қилди.

Россия Фанлар академиясининг Сибирь ўрмон институти олимлари “Агар атмосферага чиқарилаётган парник газлари тўхтатилмаса, келажакда Сибирда иссиқлик Цельсий бўйича 9 даража ошиши, ёз ойлари ҳарорат 5,7 даража юқори бўлиши, ёғин миқдори 140 мм.га кўтарилишини таъкидлади.

Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, тахмин ва ҳисоб-китобларга кўра, аср охирига келиб Сибирь камида 1 миллиард иқлим ўзгариши қочоқларининг янги уйларига айланиши мумкин.

                     Т.Шомуродов тайёрлади.