Сувни исроф қилганларга нисбатан чора кўрилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекция томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда сув истеъмоли қоидаларига риоя этилиши устидан қатъий назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Тадбирлар давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида сувдан фойдаланиш юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида 326 ҳолатда қонун бузилиши аниқланди.

Жумладан, Каттақўрғон туманидаги “Пармонов Ойбек даласи”, Ургут туманидаги “Ойбек Самандар”, Нарпай туманидаги “Уч оғайни ботир” фермер хўжаликлари томонидан сув исрофгарчилигига йўл қўйилганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Каттақўрғон ва Пахтачи туманларида 25 тадан, Паст Дарғом туманида 36 та, Иштихон ва Нуробод туманларида 6 тадан, Булунғур ва Тойлоқ туманларида 3 тадан, Жомбой туманида 15 та, Ургут туманида 9 та, Пайариқ туманида 17 та, Самарқанд туманида 11 та, Оқдарё туманида 10 та фермер хўжалиги томонидан ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалик экин майдонларини кўллатиб суғоришга йўл қўйилган.

Воҳид Эргашев,

инспекция бўлим бош инспектори.

Валижон Ҳасанов,

инспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси бўлим катта инспектори.