Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш учун таклифлар бор

Бугун халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг навбатдаги сессиялари бўлиб ўтмоқда.

Унда асосан давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокама қилиняпти.

Халқ депутатлари Самарқанд тумани Кенгашида мазкур масала юзасидан туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Зебунисо Шодиеванинг ҳисоботи тингланди.

- Чуқур билим ва ҳаётий кўникмаларга эга бўлган, интеллектуал ривожланган ўғил-қизларни тарбиялаш, пировардида, юртимизнинг қисқа муддатларда ривожланган давлатлар қаторидан жой олишини таъминлашда мактабгача ва мактабларда берилаётган таълим-тарбиянинг сифати ҳамда самарадорлиги ниҳоятда муҳим ўрин тутади, - дейди З.Шодиева. - Шу жиҳатдан қайд қилинган фармон лойиҳасига кенг жамоатчилик бефарқ бўлгани йўқ.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, педагоглар ва ота-оналарнинг фармон лойиҳаси юзасидан 100 га яқин таклифлари умумлаштирилди. Улар комиссия томонидан кўриб чиқилиб, қонунчилик техникаси ва бошқа талабларга мос таклифларнинг 50 га яқини саралаб олинди.

Агар эътибор қилинса, фармон жамият ҳаётида ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, уларнинг дахлсизлигини таъминлаш, яъни хизмат вазифаларига бевосита кирмайдиган ҳар қандай ишлардан озод этиш, шунингдек, уларни қўшимча рағбатлантирувчи чораларни белгилашга қаратилган.

Шу маънода фан олимпиадаларида ғолиблик (олтин, кумуш, бронза медали)ни қўлга киритган умумтаълим муассасалари педагогларига тўғридан-тўғри олий малака тоифаси берилиши кўзда тутиляпти. Бизда ишлаб чиқилган таклифга кўра, ўқувчилари республика фан олимпиадаларида ғолиб бўлган (1-3 ўринлар) ўқитувчиларининг малака тоифаларини бир поғонага кўтариш керак. Бундай ўзгартиш ўқитувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳити яратилиши, педагог ходимларнинг сифат таркибини яхшилашга хизмат қилади.

Сессия давомида фармон лойиҳасига билдирилган бу каби таклифлар атрофлича муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.