Табиий газ тармоғига ноқонуний уланган тадбиркор 155,4 миллион сўм тўлайдиган бўлди
“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ишчи гуруҳи Нарпай туманидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда туман аҳолиси ва тадбиркорларининг табиий газдан фойдаланишда меъёрий талабларга амал қилишларини ўрганиш борасида тадбир ўтказди.
Тадбир давомида туманнинг Муқимий номли маҳалласи ҳудудида жойлашган Улуғбек Умировга тегишли иккита оҳак ишлаб чиқариш печида табиий газдан фойдаланиш қоидалари бузилиб, унинг ноқонуний равишда тармоққа уланиб олганлиги аниқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли "Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг 125-бандига кўра, истеъмолчилар томонидан газлаштириш учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирмасдан газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланган тақдирда, ушбу хатти-ҳаракатларни содир этган шахслардан рухсатсиз фойдаланилган газ ҳажмлари қиймати газдан фойдаланиш ускунасининг суткасига 24 соатида тўлиқ қувват билан ишлаши ҳисобидан келиб чиққан ҳолда ундирилиши белгиланган.
У.Умировга тегишли бўлган қўлбола оҳак ишлаб чиқариш печларида 10 дона газ горелкаси ўрнатилган. Ушбу горелкалар галма-гал печларга ўрнатилиб, оҳак ишлаб чиқаришга мослаштирилган. Оҳак ишлаб чиқариш мавсумий бўлганлиги, мавсум эса йилнинг апрель-октябрь ойлари деб белгиланганлиги, ҳар бир газ горелкасининг соатлик газ сарфи 3,5 метр кубга тенглаштирилганда тадбиркор газ таъминот идорасига 155 400 000 (бир юз эллик беш миллион тўрт юз минг) сўм тўлаб бериши лозим бўлади.
Ишчи гуруҳи ушбу масалани кўриб чиқиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун ўрганилган материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этди.
“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.