Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадбиркор ёшлар муаммосиз кредит оляпти, деб бўлмайди

2021 йилда вилоятдаги тижорат банклари томонидан 4 693 мижозга 118 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган. Шундан 2 314 мижозга ажратилган 53 миллиард сўм кредит ёки жами имтиёзли кредитларнинг 44 фоизи ёшлар ҳиссасига тўғри келган. Биргина “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида ёшларга 50 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган.

Бу Самарқанд вилоят Матбуот уйида Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Сувонқулов иштирокида “Ёшлар билан боғлиқ тадбиркорлик лойиҳаларига ажратилаётган банк кредитлари” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.

- Албатта, кредитлаш ишлари молиялаштирувчи банкларимизда бир текисда кетяпти, ҳаммаси жойида, деган гапни айтишдан мутлақо йироқман, - деди Ш.Сувонқулов. - Биргина мурожаатлар, яъни Президент қабулхонаси, вилоят ҳокимига, шунингдек, сайёр қабуллар ва учрашувларда билдирилган мурожаатлар натижасида ажратилган кредитлар ҳақидаги маълумотлар ҳам буни яққол кўрсатиб туради.

Масалан, жорий йилнинг шу ўтган 3 ойида барча йўналишлар, яъни мурожаат воситалари орқали келиб тушган 102 мурожаатнинг назоратга олиниши натижасида 2 миллиард 585 миллион сўм кредитлар ажратиб берилган. Шундан 56 ҳолатда ажратилган 1 миллиард 80 миллион сўм кредит ёшлар ҳисобига тўғри келади.

Анжуманда тадбиркорликни бошлаётган ёки ўз фаолиятини кенгайтиришни истаётган ёшларга кредит ажратилишидаги муаммоларга жавоб изланди.