Тадбиркорларга кўмак ва маслаҳат берилмоқда
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида солиқ ислоҳотларини амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг солиқ қонунчилигига риоя этилишини мониторинг қилиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди.
Айни кунларда ишчи гуруҳ аъзолари жойларда ялпи паспортлаштириш (кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш) тадбирларини ўтказмоқда.
Хусусан, ишчи гуруҳлар томонидан “Самарқанд Сиёб савдо” мажмуаси ҳудудида ҳамда Самарқанд-Бухоро ва Самарқанд-Тошкент йўналишларидаги автобекатларда ўтказилган паспортлаштириш жараёнида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 463 та камчиликка йўл қўйилиб келинаётганлиги аниқланди. Жумладан, 26 ҳолатда ҳужжатсиз фаолият юритиш, 9 ҳолатда фаолият тури гувоҳномага мос келмаслиги, 8 ҳолатда назорат-касса машиналари ўрнатилмаганлиги ҳолати кузатилди. Шунингдек, 10 ҳолатда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан банкда ўз ҳисоб рақамини очмаганлиги, 33 ҳолатда тўлов терминаллари ўрнатилмаганлиги, 175 ҳолатда ижара шартномаси тузмасдан фаолият юритиб келинаётганлиги, 21 ҳолатда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаганлиги ва 181 ҳолатда тадбиркорлар томонидан норасмий ёлланма ишчиларни ишлатаётганлик каби ҳолатлар аниқланди.
Мазкур тадбирлар чоғида тадбиркорларга нисбатан ҳеч қандай маъмурий ҳамда молиявий жарима қўлланилмади. Жорий йилнинг 23 февралига қадар 263 ҳолатда хўжалик юритувчи субъектларнинг камчиликлари ҳамкорликда бартараф этилиши таъминланди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.