Самарқанддаги такси фирмасидан автомашина ижараси учун 8 миллион сўмга яқин маблағ ундириладиган бўлди

Дониёр (исмлар ўзгартирилган) “Нексия” русумли автомашинасини 2016 йил 15 апрелда 2019 йил 15 апрелга қадар шартнома асосида “Такси” (корхона номи ўзгартирилган) масъулияти чекланган жамиятига ижарага беради.

Шартномада “Такси” МЧЖ унинг номидан ИИБ ЙҲХБ РИБ автоинспекцияси ва давлат солиқ инспекциясида вакил сифатида автомашинани ўз ҳайдовчиларига бошқариш ва фойдаланиш учун ижарага бериш кўрсатилган.

Шунингдек, “Такси” МЧЖ автомашинадан фойдаланиши, ишчилар йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши, автомашинанинг техник холатидан келиб чиқиб “Такси” МЧЖ автомашинани доимий таъмирлаб туриши, барча солиқ ва бошқа тўловларни мунтазам тўлаб бориши, зарар етказилганда ижарага берувчига етказилган зарарни тўлиқ тўлаши каби масалалар белгиланган.

Муҳими, ижарачи автомашинани ижара ҳақи учун ижарага берувчи ҳар ой 220 минг сўм тўлаши кўрсатилган. Бироқ уч йил давомида ижарага берган автомашинаси учун Дониёр бир сўм ҳам ололмайди.

Тоқати тоқ бўлган Дониёр фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво ариза билан мурожаат қилди.

Суд амалдаги қонун талабларига кўра, ижарага олувчи мол-мулкдан фойдаланганлик учун ижара ҳақини ўз вақтида тўлаб туриши шартлиги, “Такси” МЧЖ томонидан ижарага олинган автомашина учун йўловчи ташиш учун лицензия олинганлигини инобатга олди.

Шунга кўра, “Такси” МЧЖга Дониёрнинг фойдасига 7 миллион 920 минг сўм ижара пули, судга мурожаат этганида тўлаган 405 минг 460 сўм давлат божи ва 14 минг 200 сўм почта харажати ундирилишини белгилади.

Хусен АКОБИРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича вилоят судининг катта мутахассиси.