Талабага ижара пули: шу йил 1 майдан бошланиши керак бўлган бу тартиб ҳали ҳам ўз ечимини топмай келяпти

"Бугунги кунда 130 мингдан зиёд талаба ижарада яшайди. Бу масалани ҳал қилиш бўйича ҳукумат томонидан алоҳида дастур тайёрланмоқда. Унга кўра, бундай фарзандларимизга 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади. Албатта, бу ҳам давлатнинг пули, лекин бошқа иложимиз йўқ", деган эди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 апрель куни ёшлар тадбиркорлиги ва бандлиги масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида.

Дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг ёш қамраб олиниши, шу билан бирга, эҳтиёжманд талабаларга бу харажатлар ҳокимликлар ва олийгоҳлар маблағи ҳисобидан ҳам қоплаб берилиши таъкидланган эди.

* * *

Шунга кўра, Президентнинг “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан, ота-­онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши кўзда тутилди.

Биринчи навбатда, эҳтиёжманд оила фарзандлари, ўрнак кўрсатган ва фаол талабаларнинг ижара тўловининг ярми қопланиши белгиланди.

* * *

Шундан сўнг жорий йилнинг 27 сентябрь куни Ҳукумат қарори билан «Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Унга кўра, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларнинг ойлик ижара тўлови бир қисмини қоплаб бериш давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномасига мувофиқ ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган ариза берувчиларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланди. 

Хўш, бундай имкониятдан талабаларнинг қанчаси фойдалана оляпти?

Самарқанддаги олий таълим муассасаларидан қанча талаба ижара пулининг бир қисми давлат томонидан тўланиши бўйича ариза тақдим қилди? 

Афсуски, жорий йилнинг 1 майидан бошланиши керак бўлган ушбу тартиб ҳали ҳам ўз ечимини топмай келмоқда. Шунинг учун ҳам Самарқанддаги олий таълим муассасаларидан ижара ҳуқуқи асосида ижара пулининг ярми тўлаб берилаётган талабалар ҳақида жуда кам маълумот олдик. Масалан, Самарқанд давлат тиббиёт институтида 2173 нафар талаба ижарада яшайди, уларнинг атиги 112 нафари хонадон эгалари билан ижара шартномаси тузган. Самарқанд ветеринария медицинаси институтида 2500 нафар талаба ижарада яшайди, улардан бор-йўғи 29 нафари ижара пулининг бир қисми давлат томонидан тўланиши бўйича ариза тақдим қилган. Айрим олий таълим муассасаларига талабалар томонидан бу ҳақда умуман ариза тушмаган. Хўш, нима учун? Сабаби, хонадон эгаси ижара шартномаси тузса, у давлатга 12 фоиз даромад солиғи тўлаши керак. Шунинг учун ҳам кўпчилик уй эгалари ижара шартномаси тузишни истамаяпти ёки ижара пулини сунъий равишда ошириб юборяпти. Натижада, асос бўлмаганидан кейин талабага ижара пулининг бир қисми тўлаб берилмаяпти. Ушбу муаммо биргина бизда эмас, бутун республика миқёсида давом этмоқда. 

* * *

Бугун ушбу муаммони ечиш чоралари изланмоқда. Шу йилнинг 25 октябрь куни “Ўзбекис­тон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унда талабаларни ўз уйларига ижарага жойлаштирувчи шахсларнинг ижара тўловларидан олган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилиши белгиланди. Ҳозирча ушбу қонун лойиҳаси расман тасдиқлангани йўқ. Агар бу тасдиқланса, юқоридаги муаммо ечимини топади, деган умиддамиз.

Хуршида Эрназарова.