Талабалик - ёшлар мақсадининг чўққиси(ми?)

Ўқишга кирдингми, бас, шу билан китоб ўқиш, ўз устингда ишлашдан тўхта. Ҳимолойни забт этгандек керилиб юравер...

...Шундай ўйлар билан олтинга тенг тўрт йилни ўтказиб қўйганимизни билмай ҳам қолдик. Университетни тугатаётганда якуний имтиҳон олган домламиз “Аслида ўқишга киришингиз билан қўлингизга диплом бериш керак экан. Ўша пайтдаги билим, иштиёқларинг ҳозиргидан анча яхши эди”, дея норизо оҳангда танбеҳ берганди.

Афсуски, олий таълимда шу зайл “кирдинг – битирдинг” тамойили мустаҳкамланди. Биз ҳам ўқитувчи бўлиб мактабда иш бошлагач, табиийки, ўқувчида фақат институт ёки университетга кириш мақсадинигина шакллантирдик. Ота-онанинг талаби ҳам шу бўлиб қолди. Ҳатто бугун ҳам аксарият одамларнинг бор-йўқ ғами шу.

Тушгача устоз, тушдан сўнг репетитор

Юртимизда умумий ўрта таълим давлат томонидан кафолатланган. Шунинг учун ҳар йили халқ таълимига давлат бюджетидан катта маблағ ажратилади. Аммо ота-она мактаб таълимига ишонмайди, мактабда ўқиётган фарзандини “қўшимча ўқиш”га беради. Бола куннинг ярмини мактабда, ярмини репетиторларга қатнаш билан ўтказади. Сабаби, бугун олий ўқув юртларига кираётганларнинг катта қисмини репетиторда қўшимча таълим олганлар ташкил этяпти. Қизиғи, ўрта таълимдаги ўқитувчи бир пайтнинг ўзида репетитор ҳамдир. Масалан, инглиз тили фани ўқитувчиси тушгача мактабда дарс ўтади, тушдан сўнг ўша ўқувчига пуллик тайёрлов марказида репетиторлик қилади. Хўш, унда мактаб дастурига бу фанни киритиш нега керак?

Ўқитувчини мактабда олаётган маош, ўқувчини эса 40 та бола ўтирган синфхонада ўтилган дарс қониқтирмаяптими? Демак, ё ўқитувчи яхши дарс ўтишига синфда ўқувчи кўплиги халал беради ёки у мактабда шунчаки вақт ўтказади-ю, “марказ”да жон койитади...

Тест ёдлаш илм ўрганиш эмас

Уч-тўрт йил аввал университетларга кириш шу даражага етдики, фақат энг юқори балл тўплаган абитуриентгина ўқийдиган бўлди, ҳатто контрактда ҳам. Бу тестда берилган барча саволларга тўғри жавоб бериш дегани эди. Энг “оптимист” киши ҳам бунга бироз шубҳа билан қараши тайин. Ахир гап учта фан ҳақида кетяпти.

Дарвоқе, тест саволлари бироз осонлашди, деб хурсанд бўлганимиз ҳам узоққа чўзилмади. Кириш имтиҳонида учта фан оғирлик қилиб турган бир пайтда улар бештага етказилди. Масалан, филология йўналишига имтиҳон топшираётган абитуриентга қўшимча блокда математикадан саволлар бор. Тўғри, талаба математикадан ҳам саводли бўлиши керак. Аммо мактабнинг ўзида ҳам ички имтиҳонлар бор-ку. Адабиётга қизиққан ўқувчига мактабдаги математика имтиҳони етарли, назаримда. Ҳатто университетда охирги курсда ҳам мутахассисликдан узоқ бўлган фанлар ўқув дастурига киритилаверади. Шу сабабданми ҳар бир дипломли киши бир қарашда ҳамма нарсани биладиган, ҳар соҳада билимга эгадек туюлади. Аммо кўп ўтмай ўз соҳасида ҳаминқадар эканлиги ойдинлашади. 

Эътибор қилсангиз, бугун ўқувчилар саккиз ёки тўққизинчи синфданоқ олий ўқув юртига кириш учун мактабдан ташқари қўшимча таълим олишга ҳаракат қиляпти. Буни рақобат кучлилиги билан изоҳлаш мумкин. Аммо тестда тушадиган савол-жавобларни бошдан-оёқ оммавий ёдлай бошлаётгани уларни маълум бир қолипга солиб қўяётгандек. Қолаверса, олийгоҳга кириш учун тест ёдлашнинг илмга қанчалик алоқаси бор? Бундай ҳолатда ўқувчи бир амаллаб ўқишга кирдими, тамом, бор иштиёқи сўнади. Аслида ҳамма гап талаба бўлиш катта ҳаётга қўйилган биринчи қадам, илм уммонининг энг кичик ирмоғи эканини тушуниб етишда эмасми?!

Сабаблар эмас, оқибатлар билан курашилганда

Бунинг учун олийгоҳга кириш осон, уни битириб, мутахассислик ҳужжатини олиш катта меҳнат талаб қилувчи тизимга айланиши лозим. Бакалавриат талаба учун ўзи танлаган мутахассислиги бўйича ўқиб ўрганишга, изланишга кенг имконият ва илм ўрганишнинг бошланиши. Негадир хорижий университетларда таълим олиб қайтган, ҳатто бирор тадбиркорлик фаолиятини муваффақиятли йўлга қўйган инсонларни кузатсангиз улар ҳамон ўқиш ва изланишдан тўхтамаган, ўз соҳаси бўйича ҳар кунги янгиликлар билан танишиб бораётган бўлади. Дипломлиман, ишим тайин, пулим бор, деб изланишдан, ҳаракатдан тўхтаб қолаётгани йўқ. Улар муваффақиятининг сири ҳам шунда, эҳтимол. Ана шундай кишиларгина ўзининг маиший ташвишларидан ортиб, жамият манфаати, юрт равнақи учун амалда бирор иш қилаётгани билан қадрли. Бунинг барчаси улар таълим олган юртларда таълимнинг ҳар бир босқичи тўғри ва шаффоф йўлга қўйилганидан далолат беради.

Бугун яхши ривожланмаган мамлакатларнинг энг оғир муаммоси бу ишсизлик. Бу ҳолатни аҳоли сонининг ўсиши ёки технологияларнинг инсон омилини йўққа чиқараётганига боғлаш ҳам мумкиндир. Аммо айни технологиялар татбиқ қилинган, аҳолиси дунё аҳолисининг катта қисмини ташкил қилаётган шундай мамлакатлар борки, улар бу каби муаммога дуч келаётганлари йўқ. Аслида ишсизлик муаммосини бартараф этишга сарфланаётган вақт ва маблағни таълимни тўғри йўлга қўйиш ва энг муҳими, онг остимизда қотиб қолган университет дипломи барча муаммоларнинг ечими деган фикрдан қутулиш муҳимроқ кўриняпти.

Сулаймон Асомиддинов.