Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таълим тизими: Мудир, бўлим бошлиғи, эксперт, мониторингчи, назоратчи, тафтишчи, ўринбосар, услубчи каби фойдасидан зарари кўпроқ тегадиган вазифадорлар сонини камайтириш керак

1974 йилдан буён халқ таълими соҳасида ишлаб келяпман. Мактаб кутубхоначилигидан директорликкача бўлган, бир қараганда яқин, иккинчидан, узоқ йўлни босиб ўтдим. Агар 1964 йилда биринчи синфга борганимни қўшиб ҳисобласак, қарийб 60 йилдан буён мактаб бағридаман. Шу боис соҳанинг икир-чикирларидан яхшигина хабардорман…

Бугун мамлакатимиз халқ таълими тизимини такомиллаштириш борасида қизғин баҳс-мунозаралар кетяпти. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали куйинчак инсонлар ўз мулоҳазаларини билдираётгани кишини қувонтиради.

Ўзбекистон халқ таълими тизими чуқур ислоҳотларга муҳтож эканлиги ойдинлашмоқда. Назаримда, тизимдаги энг долзарб муаммо педагог кадрлар малакаси ва маҳорати масаласи. Узоқ йиллар давомида педагог ходимларга кам иш ҳақи тўлаб келингани уларнинг билим ва малакаси сифатининг ёмонлашувига олиб келди. Нуфузли университетлар ва бошқа обрўли таълим даргоҳларига киришни эплолмайдиган битирувчиларнинг аксарияти дипломли бўлиш илинжида педагогика олий таълим муассасаларида ўқий бошлади. Шўро даврида савдо, молия, иқтисодиёт, ҳуқуқшунослик, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги сингари соҳаларга кадрлар тайёрлаб берувчи олий таълим муассасаларига асосан пулдор ва амалдорларнинг фарзандлари борар, педагогликка эса нисбатан камбағал оилаларнинг болалари ўқирди.

Мустақилликдан кейин жорий этилган тест-синов қабул тартибидан сўнг иқтидорли, истеъдодли битирувчиларни нуфузли ОТМлар оҳанрабодек ўзига тортди. Натижада педагогика йўналишидаги олий ўқув юртларида ўртамиёна талабалар тўпланиб қолди. Мана, йиллар ўтиб, улар зиммасига ёш авлодни тарбиялашдек масъулиятли вазифа юкланди. Кўриниб турибдики, улар бу оғир юкни тортишга ожизлик қилишмоқда. Оқибатда муаллим-устознинг юксак обрўси кундан кунга ерпарчин бўлмоқда. Кунда бўлмаса, кунора ўқитувчиларнинг калтакланаётгани, камситилаётгани ҳақидаги хабарлар етиб келмоқда.

Бунда фақат ота-оналар ва ака-опалар ёки ўқитувчиларни бир томонлама қоралаш фикридан йироқман. Директорлик давримда олий таълим муассасаларини битириб келган мутахассисларни ақлим етганича синовдан ўтказиб, ишга қабул қилиш одатим бор эди. Ўша йилларда от билан олмошнинг фарқига бормайдиган тилчилар, коптокнинг ҳажмини ўлчаб беролмаган математиклар, таржимаи ҳолини ёзиб беришнинг уддасидан чиқолмаган рус тили ўқитувчилари, транзистор нима эканлигини билмаган физиклар, фасллар алмашинуви сабабини тушунмайдиган географлар, 60 сўзли диктантни ўн бешта хато билан ёзадиган бошланғич синф муаллималари билан юзма-юз бўлганман. Гарчанд кўнглимни топишга уринганларида ҳам ундайларни ишга қабул қилмаганман. Афсуски, улар қаердандир иш топиб жойлашганларига ишончим комил. Чунки қўлларида сеҳрли таёқча – диплом бор. Кейинчалик улардан биттаси нуфузли таълим ташкилотида бўлим бошлиғи даражасигача кўтарилганини кўриб, сира ажабланмадим. Сабаби, таълим тизимимизда кадрларни саралаш механизми деярли ишламайди. Уни коррупция деган бало комига тортиб кетганига анча бўлди. Ўқитувчининг машаққатли меҳнати қадрланмай қўйганини гапирмаса ҳам бўлади.

Айтайлик, ўтган асрнинг 50-йилларида собиқ иттифоқ таълим тизими сифати энг юксак чўққига кўтарилган эди. БМТнинг таълим масалалари билан шуғулланувчи қўмитаси хулосаларига кўра, шўро иттифоқи ўша даврда дунёда фахрли учинчи ўринни эгаллаган. Нега десангиз, партия ва ҳукумат ўша йиллари халқ таълими тизими фаолиятини ривожлантириш йўлида қаттиқ саъй-ҳаракат кўрсатган. Сабаби, Иккинчи жаҳон уруши бу борадаги нуқсон ва камчиликларни бешафқат очиб ташлаганди. Собиқ иттифоқ фан ва технологиялари Ғарб мамлакатлари даражасидан жуда орқада қолиб кетганлиги маълум эди. СССР ўшанда Ғарб мамлакатларининг кўмагига суянибгина фашизм устидан ғалаба қозонганлиги тарихий ҳақиқат. Шу боис қатоғонга учраб, қамоққа ташланган олимлар - зиёлилар зудлик билан озод қилинди. Сергей Королёв ракета ва космос соҳасида, Игор Курчатов ядро физикаси бўйича мамлакат мудофаасига доир тадқиқот ишларини бошлаб юборди. Халқ таълими чуқур ислоҳ қилиниб, ўқитувчиларга юқори иш ҳақи берилиб, улар жамиятнинг эркатойига айланди.

Устозларимнинг хотирлашича, ҳали одамларнинг қорни нонга тўймаган ўша оғир йилларда муаллимнинг бир ойлик маошига бузоқли сигир сотиб олиш мумкин бўлган. Улар яна пулимиз ортиб қолиб, келгуси ойликкача тирикчилигимизга етган эди, деб эслайди. Ҳақиқатан ўша йилларда ҳаётда нима янгилик бўлса, биринчи навбатда ўқитувчиларнинг хонадонида пайдо бўларди. Радио, телевизор, совутгич, мотоцикл, гилам каби қимматбаҳо буюмларни дастлаб ўқитувчилар харид қилганига гувоҳ бўлганмиз. Яна турли имтиёзлар, курорт-санаторий ва саёҳатларга йўлланмалар ҳам энг аввало ўқитувчиларга бериларди. Уй қуриш учун ер участкалари, арзон нархда қурилиш материалларини ҳам биринчи галда ўқитувчи оларди. Ҳар хил маҳаллий солиқлардан озод қилиниб, электр, газ ва ўтин-кўмир муаллимлар учун деярли бепул эди. Шу сабаб бўлса керак, улар касбига меҳр бериб, астойдил меҳнат қилардилар.

Ўша даврлар маҳалладошимиз Эсон ака Юнусовнинг таниқли адиб Асқад Мухтор қаламига мансуб “Дарёлар туташган жойда” қиссаси ҳақида ёзган иншосини кўрганман. 11-синф ўқувчиси ёзган ушбу беш саҳифали иншога ўқитувчи Раҳим Саидмуродов етти саҳифали тақриз ёзиб, кейин баҳо қўйган. Мактаб ҳаёти билан боғлиқ кичкинагина бу манзара кишида ўша даврдаги таълим мазмуни ҳақида катта хулоса беради.

Қишлоғимиздаги Ломоносов номли 6-ўрта мактабда теварак-атроф, бу ёғи Тожикистон чегарасигача узоқ-яқин қишлоқлардан келган ёшлар ижара уйларда туриб ўқирди. Чунки мактабимиз туманда ном қозонганди. Устоз муаллимлар ҳам бу ёғи Самарқанддан, бу ёғи Ургутдан қатнаб, сабоқ беришарди. Мактабнинг юк автомобили, трактори, металл ва ёғочга ишлов берадиган станоклари, ҳатто каттагина иссиқхонаси ҳам мавжуд эди. Муассасамизнинг мўъжазгина электр станцияси бўлиб, атрофдаги хонадонларга ёруғлик улашарди.

Таълимга бўлган бундай эътибор ва ғамхўрлик натижаси ўзини узоқ куттирмади. Собиқ шўро давлати таълим тизими изидан фан-техника ривожланиб, дунёдаги илғор ўринлардан бирига чиқди. Жаҳонда биринчи бўлиб коинотга йўл очди ва инсонни космосга учирди. Юрий Гагариннинг парвози Ғарб дунёсининг кўзини мошдек очиб қўйди. Шундан сўнг америкаликлар ҳам зудлик билан таълим соҳасини чуқур ислоҳ қилишга киришди ва жаҳонга машҳур “Қаҳрабо водийси”ни барпо этдилар. Шу туфайли кейинги ютуқ уларники бўлди. Америка астронавтлари 1968 йилда Ойга қўниб, АҚШ байроғини ўрнатди.

1965 йилда шўро давлатида ҳокимият тўнтариши содир бўлди. Янги келган ҳукумат бинойидек ишлаб турган таълим тизимини салбий йўналишда ислоҳ қилди. 11 йиллик ўрта-политехника мактаблари унификация қилиниб, ягона шакл ва мазмундаги ўн йиллик ўрта мактаблар ва ҳунар-техника билим юртларига айлантирилди. Натижада мактабларда билим сифати сусайиб, касб-ҳунар билим юртлари қолоқ ўқувчиларнинг ўзига хос жазо муассасасига айланиб қолди. Ўша мен айтган машҳур илғор мактаб ҳам кейинчалик бошқа ўртамиёна мактаблардан деярли фарқ қилмайдиган оддий ўрта таълим муассасасига айланди.

Афсуски, бу хато кейинчалик мустақил мамлакатимизда ҳам такрорланди. Истиқлол шарофати билан янгидан пайдо бўлган гимназиялар, лицейлар, коллежлар, иқтидорли болалар мактаблари тугатилиб, ҳаммаси бир шакл ва мазмундаги ўрта умумтаълим муассасаларига айлантирилди. Ҳатто Тўхтамурод Жумаевнинг машҳур “Қоракўл мактаби” ҳам ҳозир қанақадир ўқув марказига айлантирилди, деб эшитдик. Гап Т.Жумаев ҳақида борар экан, биз марҳум машъал педагогларимиз тошкентлик Оқилхон Шарофиддинов, андижонлик Мамажон Абдурасулов, самарқандлик Ҳамид Мусаевларнинг порлоқ номларини алоҳида меҳр-муҳаббат билан эслаймиз. Тўхтамурод аканинг вафотидан кейин эслашга арзигулик яна бирор устоз қолдими?!

Шу ўринда мактабларимизда эркак ўқитувчиларнинг ўрни бошқача эканлиги яна бир марта ўзининг ёрқин исботини намоён этади. Хотин-қиз устозларимизни камситмаган ҳолда шуни айтиш лозимки, уларнинг нозик елкалари бундай машаққатли меҳнатга нисбатан заиф эканлиги сезилиб қолмоқда. Эркакларни мактабга қайтариш учун эса энди анчагина ишлар қилинаётган бўлса-да, натижалар кутилгандек эмаслиги аён бўлиб бормоқда.

Бугун тақлид қилаётганимиз - хориж таълим тизимининг яхши ёки ёмон томонлари ҳақида фикр билдириш истагидан йироқман. Аммо фикри ожизимча, фин, япон, турк, корейс, америкача таълим тажрибасини жорий қилишдан аввал педагог кадрларимиз салоҳиятини яхшилаш зарур. Қачонки ўқитувчиликдек оғир касб соҳибларига лойиқ иш ҳақи тўланмас экан, кўрилаётган бошқа барча чоралар бефойда. Шундай қилиниши керакки, педагогликка билимда энг сара йигит-қизлар ўқишни орзу қилсин! Билишимча, ўқитувчи бўлишни ҳозир кўпчилик ёшларимиз орзу қилмаяпти. Ҳатто педагогика йўналишида ўқиганлар ҳам даромадли соҳаларга ўтиб кетяпти. Бошқа соҳалардан тузук иш тополмаган кадрларгина мактабларга ноилождан бормоқда.

Бозорда арава сурадиган танишим бор. “Кунига юз-икки юз минг ишламасам, уйга қайтмайман, тоға”, - дейди. Албатта, унинг бу меҳнатини ҳурмат қиламан. Бироқ оддий ҳаммол олий маълумотли педагогдан кўра кўпроқ пул топадиган жамиятда зиёлининг обрў-эътибори мени ташвишлантиради...

Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, ўқитувчининг маоши мамлакатдаги ўртача иш ҳақидан кам бўлса, ўша жойда таълим тизими издан чиқади. Энг юқори маошни 20 миллион сўм (гарчанд, бундан юқорироқ бўлса ҳам), энг камини 500 минг сўм деб олганимизда, ўртача миқдор 10 миллион сўм атрофида тўхтайди. Демак, президент ваъда қилган минг доллар мантиқий адолатли маош эканлиги маълум бўлади. Масаланинг муаммоли жиҳати шундаки, айни ҳолатда давлатимиз хазинаси барча муаллимларга бу миқдорда ойлик беришга қодир эмасдир.

Менимча, бунда бошқача йўл билан иш тутишга тўғри келади. Аввало, бу борада самарасиз ишлаётган бошқарув аппаратини кескин қисқартириш керак. Халқ таълими бошқармалари, бўлимлари тугатилиб, ўрнида халқ таълими вазирлиги назоратидаги ихчам ва ҳалол ишлайдиган кам контингентли таълим департаментлари ташкил этилиши лозим. Тизимда коррупцияни урчитаётган ҳар хил: мудир, бошлиқ, бўлим бошлиғи, эксперт, мониторингчи, назоратчи,  тафтишчи, ўринбосар, услубчи, иқтисодчи, ҳисобчи, ёрдамчи сингари фойдасидан зарари кўпроқ тегадиган вазифадорлар сонини камайтириб, асосий эътиборни амалий педагогика билан шуғулланаётган ходимларга қаратиш керак. Айниқса, олий тоифали муаллимларнинг меҳнатини қадрлаб, Маҳмудхўжа Беҳбудий иборалари билан айтганда, бошларини силаш зарур. Ана шундай қилинганда, ҳам ўқитувчилар, ҳам мактаблар ўртасида соғлом рақобат муҳити пайдо бўлади.

Бу борада қилинадиган учинчи асосий иш: турли шаклдаги таълим муассасаларини кўпайтириш ва уларга мустақил фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб қўйиш керак. Майли, гимназиялар, лицейлар, коллежлар, ИДУМлар, хусусий мактаблар, Президент мактаблари, ижод мактаблари кўпаяверсин. Ҳар бир туманда вазир мактаблари, ҳар бир қишлоқда ҳоким мактаблари ташкил этилсин. Улар бир-бири билан рақобат қилсин. Хитойликлар айтганидек, минг хил гул очилиб, минг хил мактаб сабоқ берсин!

 Худойберди КОМИЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, фахрий педагог.