Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тана қисмларини кутилмаган жойларда “ўстириш” жарроҳлик амалиётлари

Жон Хопкинс касалхонаси шифокорлари тери остида қулоқ ўстириб олишди. Қирқ икки ёшли Шерил Уолтерс 2008 йилда базалиома (тери саратонининг бир тури) касаллиги туфайли кесилган қулоғи ўрнига янгисини қўлида ўстирди. Ушбу касаллик туфайли нафақат қулоқ, балки қулоқ канали билан бирга бош суягининг бир қисми ҳам кесиб олинган эди.

Уолтерс қовурғанинг кемирчак (тоғай) тўқимасидан қулоқ ўстирган дунёдаги биринчи одам бўлди. “Red Orbit” нашрига кўра, Патрик Бёрн бошчилигидаги жарроҳлар гуруҳи қовурғадан олинган тўқима ёрдамида янги қулоқ ҳосил қилишга муваффақ бўлишди. Ушбу экспериментал операция давомида янги қулоқ аёлнинг қўл териси остига қўйилди, у ерда 4 ой давомида ўсди, шундан сўнг у одатий жойига кўчирилди.

Гўзаллик маликаси бош суягининг бир қисми вақтинча ошқозонга кўчириб қўйилди

Ўттиз олти ёшли Жейми Хилтон 2009 йилда Айдаходаги гўзаллик танловида ғолиб чиқди ва «Миссис Америка» унвони учун кураш олиб борарди. Кўлда содир бўлган нохуш воқеадан сўнг собиқ гўзаллик маликаси беҳушликдан уйғониб, бош суяги парчаси йўқлигини кўриб ҳайратда қолди. Жарроҳлар Хилтон бош суягининг орқа қисмини кесиб олиб, суякнинг стерил бўлиб қолиши ва мия тўқималарининг яллиғланиши тўхтагунга қадар уни озуқа моддалари билан таъминланишига имкон бериш учун аёлнинг қорин пардасига пайванд қилиб қўйишди.
Бош суякнинг бир бўлаги 42 кун давомида қорин бўшлиғида ётди. Кейинчалик, у ўз жойига қайтарилди ва Хилтоннинг деярли ўлимга олиб келиши мумкин бўлган воқеа содир бўлганидан уч ой ўтгач, у уйига юборилди.

Кесилган оёқ 180 градусга буриш орқали қайта “пайванд қилинди”

Суяк саратони билан курашган Дуган Смит, шифокорлар оёғини айлантириб қўйиб, жойига қўйганларидан кейин фаол ҳаёт тарзини давом эттира бошлади.
2008 йилда ўн уч ёшли Смитга суяк саратони ташхиси қўйилган. Унинг тиззаси ва сони ампутация қилинди. Бир нечта даволаш усуллари мавжуд эди, аммо "айланма пласт" амалиёти ўсмир оёғини сақлаб қолиш учун ягона йўл бўлиб қолди. Кесилган оёқ вақтинча орқага бураб қўйилди. Операция Огайо штатидаги Жеймс саратон госпиталида амалга оширилди ва уч йилдан камроқ вақт ўтгач, Смит бейсбол ва баскетбол ўйнашга, шунингдек, чанғи учишга муваффақ бўлди.

Қизчанинг қўли оёғига пайванд қилинган ҳолда қутқариб қолинди
2010 йилда мактабга кетаётган тўққиз ёшли Мин Лин исмли қизалоқни трактор уриб кетди. Шифокорлар қўл жуда шикастлангани ва уни жойига тикиб бўлмаслигини айтишди, шу сабабли қўл вақтинча оёққа тикилди. Фақат уч ойдан кейин Линнинг қўли ўз жойига қайтарилди. Хитойнинг Хенан провинциясидаги Чжэнчжоу шаҳридаги касалхона шифокори Хоу Цзяньси қизалоқ қўли нормал илдиз отиб, қон оқими тикланганини айтди.

Қиз билагини ҳаракатга келтира оларди, аммо кейинги икки йил ичида унинг ҳаракатчанлигини яхшилаш ва чандиқларни кеткизиш учун яна бир неча жарроҳлик муолажаларини ўтказиш керак бўлди.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.