Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таниқли шоир Нодир Жонузоқдан она тили ҳақида кечинма:

ЮРАК ТИЛИ

Дунё соқов эди, туйқус сўз сўради – садо бўлдинг,
Жилва сочди мавжларингда ою юлдуз – само бўлдинг,
Коинотнинг буржларига ёйилган куй – сано бўлдинг,
Сен туфайли вужудимга жо бўлди-ку жоним, тилим.

Тошга ҳам тил ато этган сирли битик – тилсим сенсан,
Заранг мозий дарвозасин очқич калит – "сим-сим" сенсан.
Камалакдай лисонлар кўп – ёлғиз юрак тилим сенсан,
Тилмоч бўлдинг муҳаббатга меҳмон бўлган оним, тилим.

Сен сулувсан – Қошғарийни Мажнун каби кўйга солган,
Алишербек васф этай деб чиройингни ўйга толган,
Қодирий ҳам Чўлпон суйиб, ошиқ жони ўтда қолган,
Ишқ аҳлининг шароридан шараф топган шоним, тилим.

Кўксимдаги чечагим сен – ким қўл чўзди юлмоқ учун,
Поймол этиб, сўнг устимдан қаҳ-қаҳ отиб кулмоқ учун,
Хазинасан, қулф эшиги – тилсиз, дилсиз гумроҳ учун,
Сийму зарим, дур-гавҳарим, тилла тўла коним, тилим.

Ёв йўласа, қилич-қалқон сўзинг тутиб, қасд бўламан,
Таъзим қилса Сенга, мен ҳам отдан тушиб паст бўламан.
Сасинг туйсам сафарларда, сафо ичра маст бўламан,
Соқий мудом сахий сенга – саодатли жомим, тилим.

Дилим сархуш, тилим бийрон – абад бахтга ёрлигимсан,
Худойимнинг мукофоти – мангу мақтов ёрлиғимсан,
Кўзим дейми, юзим дейми – бошдан-оёқ, борлиғимсан,
Етмиш икки томиримда оқиб турган қоним, тилим.

Эй, сен хазон билмас боғим, ўзбекий соф гулинг бўлай,
Гулинг узра қанот қоққан беором булбулинг бўлай.
Ҳеч бўлмаса, илтифот қил, бир қўриқчи қулинг бўлай,
Давлатли султоним, тилим – олиймақом хоним, тилим.

Сен бўлмасанг, кўкка элтар нурли нарвон, йўлим қайда?!
Сен сарбонсан, дилим – зиё ортган карвон, қўним қайда?!
Тирикман, сен боис боқий менга даврон – ўлим қайда?!
Сен борсанки, жаранглагай кўк тоқида номим, тилим!

2019