Танзила Норбоева Япония императорининг тахтга ўтириш тадбирларида иштирок этмоқда

Япония ҳукумати таклифига биноан Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Япониянинг янги императори Нарухитонинг тахтга ўтириши муносабати билан ўтказилаётган тантанали тадбирда иштирок этмоқда. Бу ҳақда юқори палата расмий веб-сайтида маълум қилинди.

Бугун император Нарухито расман тахтга ўтирди. Тахтга ўтириш маросими Токиода ўтказилди.

Тантанали тадбир императорнинг муҳташам саройида бўлиб ўтди. Унда қарийб 2 минг нафар меҳмон, шу жумладан, 180 та мамлакатнинг давлат раҳбарлари ва вакилларидан иборат 400 киши, шунингдек, Япония Бош вазири, мамлакат парламенти палаталари раҳбарлари иштирок этди.

Янги император тахтга ўтириши билан Японияда янги “Рейва” – гўзал уйғунлик эраси бошланди. Японияда император мамлакат ва халқ жипслиги рамзи ҳисобланади, унинг мақоми эса халқ хоҳиш-иродаси билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Японияга ташрифи давом этмоқда.