Тарғиботчилар учун семинарлар самара беряптими?

Иқтидорли ўқувчиларни излаб топиш, уларнинг адабиётга, санъатга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида умумий ўрта таълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи вазифаси жорий этилган. Бугун бу вазифада фаолият олиб бораётган ижодкорлар саъй-ҳаракати билан, айниқса, чекка ҳудудлардаги мактабларда таълим олаётган ўқувчилар орасида санъатсевар, китобхон, ижодкор ёшлар сафи кенгайяпти.

Тарғиботчиларнинг фаолиятини баҳолаш, уларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида турли семинарлар, маҳорат дарслари, кўрик-танловлар ташкил этилмоқда. Биргина мисол, ўтган 2021-2022 ўқув йилида “Энг фаол ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи” республика кўрик-танлови ўтказилди. Қувонарлиси, танловнинг мамлакат босқичида Қўшработ туманининг олис Қовунчи қишлоғида жойлашган 50-мактаб ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Абдуваҳоб Зарипов биринчи ўринни қўлга киритди. Бундан кўриниб турибдики, Абдуваҳоб ўз ишига масъулият билан ёндашган.

Амира Ғайбуллаева Самарқанд шаҳар Кимёгарлар шаҳарчасидаги 16-мактабининг 9-синф ўқувчиси.

- Қизим Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун ўтказилаётган танловда маданият йўналиши бўйича вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллади, - дейди  Амиранинг онаси Дилафрўз Бозорова. - Айни пайтда у танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун ҳозирлик кўряпти. Амира бундан ташқари кўпгина нуфузли танловларда қатнашиб, ғолибликни қўлга киритиб келяпти. Бунда, албатта, устозларининг ўрни бор, улардан миннатдормиз.

Аммо аксарият таълим муассасаларидаги ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар фаолияти самараси кўзга ташланмайди. Ҳатто улар орасида вазифаси нималардан иборат эканлигини тўлиқ англаб етмаганлар ҳам борлиги ачинарлидир.  Шунинг учун республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари вилоят бўлимлари ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан барча шаҳар ва туманларда тарғиботчиларга вазифалари ҳақида тўлиқ тушунчалар бериш, таниқли ижодкорлар иштирокида маҳорат дарсларини ташкил этиш орқали тажриба алмашиш мақсадида амалий семинарлар ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Самарқанд шаҳридаги 16-мактабда бўлиб ўтди. Унда таниқли ижодкорлар, журналистлар, шунингдек, шаҳар мактабларида фаолият юритаётган тарғиботчилар иштирок этди. Тадбирда ўз вазифасига масъулият билан ёндашаётган устозларнинг ютуқлари эътироф этилди. Фаолияти давомида сусткашликка йўл қўяётган тарғиботчиларнинг камчиликлари тилга олинди.

Шунингдек, семинарда ушбу мактабда ташкил этилган ёш ижодкорлар тўгараги аъзоларининг турли хил чиқишлари намойиш қилинди. Таниқли журналист Дилмурод Дўстмуродов томонидан маҳорат дарси ташкил этилди.

Аслиддин Мустафоев,

Самарқанд шаҳридаги 58-мактаб тарғиботчиси.