Ташкил этилган карантин постларида бўйсунмас ҳайдовчилар учрамоқда

Карантин постларида куну тун фаолият олиб борётган ходимлар ўз вазифаларини бажариб, карантин бўйича ҳукумат қарори ижросини таъминлашмоқда.

Аммо қонун ва қоидаларга нисбатан бепарво бўлган айрим ҳайдовчилар ЙПХ инспекторларининг фаолиятига қаршилик кўрсатиб, ўзларини салбий томондан кўрсатишмоқда.

Ҳайдовчи, 1995 йилда туғилган, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида  яшовчи Б.М. ўзининг “Матиз" русумли, давлат рақам белгиси 01 V 517 FB  бўлган транспорт воситасида “Тошкент-Чирчиқ-Чимён” автомобиль йўлининг 1-километрида ташкил этилган масканда кўпчилик қатори, навбати билан ўтиш ўрнига, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб, орқага ҳаракатланиб кела бошлади.

ЙПХ инспектори бу ҳолатни бартараф этиш мақсадида ҳуштак чалиб, жезль билан ишора бериб, уни тартибга чақиришга ва тўхтатишга ҳаракат қилди. Лекин ҳайдовчи тўхташ ўрнига машинасини инспекторнинг устига ҳайдаб, ЙПХ инспекторини туртиб юборди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида матиз ҳайдовчиси тўхтатилди. ЙПХ инспекторига ҳеч қандай шикаст етмади. Ҳайдовчига нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Мамурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасига биноан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилди.

"Ҳурматли йўл ҳаракати иштирокчилари! Ўтказилаётган бу тадбирлар вақтинчалик эканлигини, у касалликка қарши кураш доирасида амалга оширилаётганлигини унутманг. ЙПХ ходими сизга тўхташ ҳақида ишора бердими, уни сўзсиз бажаринг. Чунки масканлар ўз-ўзидан ташкил этилгани йўқ. У кўпчилик манфаатини кўзлаб, сизу бизнинг хавфсизлигимиз учун ташкил этилган. Бу кўпга келган синов. Синовдан қандай ўтиш эса ҳар биримизга, бизнинг одобимизга, маданиятимизга ва хатти-ҳаракатимизга боғлиқ", дея огоҳликка чақирилган Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарида.