Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фуқароларни огоҳликка чақирди
Ижтимоий тармоқларда Москва жамоат транспортида Россия Қуролли кучларида хизмат қилишга чақирувчи ўзбек тилида берилган эълон сурати тарқалмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларини огоҳликка чақирди.
“Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларидан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш ҳақидаги даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраймиз”, дейилади агентлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.