ТАТУни битирган мутахассис ўқитувчилик қилиш учун ўз йўналиши бўйича малака ошириши шарт

Шу йил 3 октябрда zarnews.uz сайтида берилган “Савол биздан – жавоб кимдан?: Тўрт йил ТАТУда ўқиб, мактабда дарс бериш мумкин эмасми?” мавзусидаги хабарга Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими муносабат билдирди.

Унда, хусусан, шундай дейилади:

"Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонунида малака - шахснинг касбий фаолиятнинг муайян турини бажаришга тайёргарлигини ифодалайдиган, маълумот тўғрисидаги тегишли ҳужжат билан тасдиқланадиган билим, қобилият, маҳорат ва кўникмалар даражаси сифатида тавсифланади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 16 августдаги 343-сонли қарори билан тасдиқланган Олий таълимнинг давлат стандартларига кўра, “Информатика ва ахборот технологиялари” таълим йўналиши бўйича бакалавр касбий фаолиятининг объектлари сифатида қуйидагилар: ҳисоблаш машиналари, комплекслари, тизимлари ва тармоқлари, автоматлаштирилган ва компьютер тизимларининг ахборот ва дастурий таъминотнинг ривожлантириш асослари, юксак унумдорликка эга ҳисоблаш машиналари, комплекслари, тизимлари ва тармоқлари, автоматлаштирилган ва компьютер тизимларини ташкил этиш ва бошқариш, компьютер тизимлари сервис хизматининг рақобатбардошлиги, ишлаб чиқарилган дастурий тизимлар ва воситаларни амалга ошириш ва такомиллаштириш, сунъий интеллект ва интеллектуал тизимлар, мураккаб тизимларни лойиҳалаш кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, Халқ таълими вазирининг 2019 йил 7 декабрдаги 393-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Халқ таълими ходимлари асосий лавозимлари малака тавсифлари”га кўра, умумий ўрта таълим мактаби (мактаб-интернат) ўқитувчиси лавозимининг малака тавсифларида фан ўқитувчиси учун фан йўналишига тўғри келувчи камида бакалавр даражасидаги олий педагогик маълумот ёки камида бакалавр даражасидаги олий маълумот ва фан йўналишига тўғри келувчи дарс бериш ҳуқуқи билан касбий қайта тайёрлов курсини тугатганлиги ёхуд фан йўналиши (хусусияти)га тўғри келувчи камида бакалавр даражасидаги олий маълумот ва педагогик фаолият юритиш ҳуқуқи билан қайта тайёрлов курсини тугатганлиги малака талаблари белгиланган.

Шу сабабли, амалдаги таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари доирасида, умумий ўрта таълим мактабларида фан ўқитувчиси лавозимида ишламоқчи бўлган, бакалавр даражасидаги олий маълумотли номутахассис ёки нопедагог ходимларга фан йўналишига тўғри келувчи дарс бериш ҳуқуқи билан касбий қайта тайёрлов курсини ёхуд педагогик фаолият юритиш ҳуқуқи билан қайта тайёрлов курсини тугатган бўлишлари талаб қилинади".