Тиббиёт кутубхоналари қандай ишлаяпти?
Самарқанд вилоят илмий тиббиёт кутубхонаси 1976 йилда ташкил этилган.
Айни пайтда Самарқанд шаҳар М.Улуғбек кўчасидаги Республика ўрта тиббиёт ва фармацевт ходимларини малакасини ошириш ва ихтисослаштириш илмий маркази Самарқанд филиали биносининг 1-қаватида фаолият кўрсатмоқда.
Кутубхонада 8 та хона, китобхонлар учун ўқув зали мавжуд бўлиб, бир вақтнинг ўзида 30 нафарга яқин қитобхон ундан фойдаланиши мумкин.
Кутубхонада жами 36 000 нусха ва 19 000 номдан зиёд китоб бор. Жумладан, тиббиётнинг хирургия, терапия, кўз касалликлари, стоматология, гинекология, онкология, пульминология, наркология, урология, физиология, хамширалик, иши билан боғлиқ адабиётлар, шунингдек, виртуал кутубхона ҳам мавжуд.
Кутубхонада 11 нафар ходим Президентимизнинг 2019 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси ахолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида белгиланган режага мувофиқ иш олиб бормоқда.
Самарканд вилоят илмий тиббиёт кутубхонаси соғлиқни сақлаш тизимига қарашли барча даволаш профилактика муассасалари ва туман тиббиёт бирлашмалардаги кутубхоналарга услубий марказ ҳисобланади. Ҳозирги вақтда даволаш профилактика муассасалари ва туман тиббиёт бирлашмаларида ҳам кутубхоналар мавжуд.
Жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали, вилоят руҳий асаб касаллик шифохонаси, Пайариқ туман тиббиёт бирлашмаси кутубхоналари самарали ишлаб келмоқда.
Бугунги кунда кутубхонада турли маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилиб, тиббиёт соҳасида узоқ йиллардан буён фаолият кўрсатаётган етук олимлар ва мутахассислар иштирокида давра суҳбатлари, семинарлар ўтказилмоқда.
Нилуфар Одилова,
вилоят илмий тиббиёт кутубхонаси директори.