Тилга эътибор оиладан бошланади

Қўшработ туманидаги Заркент шаҳарчаси “Кончи” маданият уйида давлат тили кунига бағишланган тадбирда Жанубий кон бошқармасига қарашли корхоналар ишчи-ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва журналист Ёр Муҳаммад, филология фанлари номзодлари Толиб Жўраев ва Шавкат Муҳаммадиев, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қўшработ туман бўлинмаси раҳбари Шавкат Зиёдинов мамлакатимизда давлат тилига бўлган эътибор, уни ўқитиш ва ўрганишдаги айрим муаммолар хусусида сўз юритди.

– Дунёда 5621 та тил ва шева мавжуд бўлиб, айни пайтгача улардан 500 таси ўрганилган, холос. Ҳар уч тилдан биттасининг ёзуви бўлмай, улар фақат оғзаки нутқ шаклига эга, - деди Толиб Жўраев. – Дунё тилларидан фақат 40 тасигина оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал бўлиб, улар орасида ўзбек тили ҳам бор. Ҳозирда сайёрамизда қарийб 60 миллион одам ўзбек тилида мулоқот қилади.

– Тилга эътибор, энг аввало, оиладан бошланади, – деди Ёр Муҳаммад. –Фарзандларимизнинг тилига эътибор бериш, бу уларнинг ахлоқий тарбияси, маданияти, маънавиятига эътибор бериш демакдир.

Тадбир якунида Жанубий кон бошқармаси ходимларига самарқандлик ижодкорларнинг китоблари жамланмаси топширилди.

Ислом БОБОҚУЛОВ.