Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабалар учун 400 миллион сўмлик Таълим гранти эълон қилинди

Ўзбекистонда илк маротаба талабалар учун таълим грантлари ҳамда стипендиялар эълон қилишга мўлжалланган www.metsenat.uz лойиҳаси ишга тушди.

Бир гуруҳ жамоатчилик фаолларининг ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад юртимиздаги меценатларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжманд ҳамда иқтидорли талабаларнинг тўлов-контрактини тўлашга ёрдам бериш, шунингдек, стипендиялар эълон қилишдан иборат.

Лойиҳа муаллифи Хушнудбек Худайбердиевнинг таъкидлашича, Metsenat.uz ижтимоий лойиҳа бўлиб, бундан ҳеч қандай тижорий мақсад кўзланмаган.

Сайтнинг ишлаш принципи жуда оддий: сайтда талабалар рўйхатдан ўтиб, ўзлари ҳақидаги маълумотларни киритади ҳамда меценатлар томонидан эълон қилинган грант ёки стипендияларга онлайн ариза топширади.

Лойиҳа ишга тушгач, шу куннинг ўзидаёқ илк меценатлар сайтда талабалар учун грантини жойлаштирди.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда “Меҳрли қўллар” хайрия фонди томонидан тўлов шартнома маблағларини тўлашга муҳтож талабалар учун 400 миллион сўмлик таълим гранти дастурини эълон қилди.

Бунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган ОТМларда (чет эл олий таълим муассасаларининг Ўзбекистондаги филиаллари бундан мустасно) кундузги таълим (бакалавр босқичи)да тўлов-шартнома асосида таълим олаётган (супер контракт бундан мустасно) чин етим, ногирон, ота-онаси (ҳар иккаласи) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган, Меҳрибонлик уйида тарбияланган, боқувчисини йўқотган ва 30 ёшдан ошмаган талабалар қатнаша олади.

Ғолиб бўлган талабаларнинг 2020/2021 ўқув йили учун стипендиясиз ҳисобланган тўлов-шартнома маблағининг 50 фоизигача бўлган қисми ҳомийлик маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Грантда иштирок этиш учун аризалар 10 декабргача metsenat.uz сайти орқали қабул қилинади.

Ғолибларни Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази” ННТ, блогерлар, жамоатчилик вакилларидан иборат Экспертлар кенгаши аниқлаб беради.