Тўлов терминалидан харид қилинганда сотувчи онлайн назорат-касса машинасидан ҳам чек бериши лозим
Ёшлар марказида вилоят давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти ва ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари вакилларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти кенг тушунтириб берилди.
Хусусан, мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган солиқ ислоҳотлари доирасида тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароитлар яратилаётгани, айниқса, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, шунингдек, яширин иқтисодиётнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда савдо ва умумий овқатланиш, автотранспортда ташиш, уй-жой қурилиши ва таъмирлаш, тураржой хизматларини кўрсатиш каби соҳаларда солиқдан қочиш ҳолатлари кузатилаётгани алоҳида таъкидланиб, тадбиркорлар назорат-касса машинаси бўла туриб, уни ишлатмаслик, харидорларга харид чеки бермаслик ортидан солиқдан қочишга интилиш ҳолатларига чек қўйишга чақирилди.
Айтиб ўтиш жоизки, шу пайтгача вилоят давлат солиқ органлари “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида иш юритиб, солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини ихтиёрий ва қулай тарзда бажариши учун имкон берган. Хусусан, профилактик тадбирларда солиқ қонунчилигига йўл қўйган солиқ тўловчиларга фақатгина огоҳлантиришлар берилган, холос.
Тадбирда солиқдан қочиш ҳолатлари кузатилаётган тадбиркорлар яна бир бор огоҳлантирилди.
Тадбиркорлар онлайн назорат-касса машинасини ишлатиш билан боғлиқ дуч келаётган муаммоларини ўртага ташлашди. Айнан онлайн назорат-касса машиналарини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар мутахассислари томонидан ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларини айтиб ўтди.
Учрашувда айни пайтда республикамизнинг барча ҳудудларида онлайн назорат-касса машиналарининг чекларида акс эттирилган QR-код ёки фискал белги асосида совринли ўйинлар ўтказилаётгани ҳақида маълумот берилди. Ушбу совринли ўйиннинг навбатдаги тиражи айнан Самарқандда ташкил этилиши, самарқандликларнинг ютуқли ўйинда фаол иштирок этиши лозимлиги таъкидланди.
- Таъкидлаш лозимки, тўлов терминаллари орқали харид амалга оширилганда бериладиган қоғоз харид чеки ўринга ўтмайди, - дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ф.Ахмеджанов. - У банк пластик карточкасидан пул ечиб олинганини тасдиқловчи қоғоз, холос. Унда қанақа маҳсулот сотиб олганингиз акс этмайди. Шунинг учун сотувчи онлайн назорат-касса машинасидан чек бериши лозим. Баъзи тадбиркорлар “банкда пул айланмамиз 2 марта кўринадику”, дея эътироз билдириши мумкин. Йўқ онлайн назорат-касса машинасида чек урилаётганда нақд ёки банк пластик картаси орқали дея сўров чиқади.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.